Шавкат Мирзиёев 8 май куни Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпиталига бориб, уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

«Ҳамма ҳаракатларимиз халқимизни рози қилиш учун. Ислоҳотлар натижаси энг қуйига, ҳар бир хонадонга кириб боришини истаймиз. Режаларимиз ҳам катта. Ҳамма жипслашса, биргаликда ҳаракат қилса, ўйлаган ниятларимизга тезроқ етишамиз. Сиздек нуронийларнинг дуолари бунда бизга мададкор бўлади. Сизларнинг ҳаётингиз ирода, жасорат мактаби, гапларингиз ёшларга ибрат», деди Шавкат Мирзиёев.

Матбуот хизмати хабарига кўра, 2022 йилда мазкур муассаса янгитдан таъмирланиб, бинолар қурилган. Госпитал жами 700 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, соҳа фахрийлари бепул даволанади. Бунинг учун 286 хил диагностик текширув, 600 дан ортиқ амалиётлар йўлга қўйилган, 30 га яқин ихтисослашган бўлимлар ташкил этилган.

Бундан олдинроқ Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғига ташриф буюриб, «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйганди. Унга, шунингдек, Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган мажмуа лойиҳаси тақдимот қилинган.