Бош прокурор ўринбосари Шерзод Тўхтабоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятидаги маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасидаги ишларни ўрганди, дея хабар бермоқда БП матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ишчи гуруҳ Маданий мерос агентлиги мутахассислари билан биргаликда Бухоро шаҳридаги «Хўжа калон» масжиди, «Хусайни» ва «Нодир девонбеги» мадрасалари ҳамда «Арк» мажмуаси деворларини реставрация ва таъмирлаш ишлари билан танишган.

Ушбу ёдгорликларда бажарилган иш ҳужжатларига сохта ёзувлар киритиш йўли билан реставрация ва таъмирлаш ишларида «Хўжа Калон» масжидида 731 млн сўм, «Хусайни» мадрасасида 216 млн сўм, «Нодир Девонбеги» мадрасасида 90 млн сўм маблағ талон-торож қилингани аниқланган.

Бухоро шаҳри тарихий маркази ҳудудида жойлашган 74 та объектга манзил кўрсатгич белгилари ўрнатиш учун ажратилган 50 млн сўм бюджет маблағи ҳам талон-торож қилинган.

бош прокуратура, бухоро, ёдгорлик мажмуаси, талон-торож

Бундан ташқари, Бухоро минтақавий реставрация маркази мансабдор шахслари томонидан 2,3 млрд сўм бюджет маблағи товар-моддий бойликлар сотиб олиш учун сарфлангани юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, амалда маблағлар ўзлаштириб юборилган.

Ҳолатлар бўйича Бухоро минтақавий реставрация маркази мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилди, дейилади хабарда.