Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Батир Закиров аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 77 фоизни ташкил этаётганини маълум қилди. У бу хақда парламент сўровига жавобан маълумот берди, дея хабар қилмоқда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Палата томонидан вазирга «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги масала юзасидан парламент сўрови юборилган. Унда ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасидаги лойиҳаларни якунига етказиш борасида кўрилаётган чоралар, истеъмолчиларга масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш сўралган.

Қуйи палатанинг 30 апрель кунги мажлисида депутатлар мазкур парламент сўровига юборилган жавобни кўриб чиқди. Қайд этилишича, 2017−2023 йилларда республикани ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 15 трлн сўмга яқин маблағ ҳисобидан 5166 та ичимлик ва оқова сув объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Шу даврда хорижий молиявий институтлар ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорликда жами 825 млн долларлик лойиҳалар доирасида 124 та йирик иншоотлар қурилган. Натижада аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2017 йилдаги 64 фоиздан 77 фоизга етказилган.

Шунингдек, 9,3 млн нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланиб, 7,3 млн нафар фуқаронинг ичимлик суви таъминоти яхшиланган. Бу орқали қўшимча 221 минг истеъмолчига шартнома асосида хизмат кўрсатиш ташкил этилган.

2024 йилда бу борадаги ишлар давом эттирилиб, давлат бюджетидан ажратилган 1 трлн 94 млрд сўм маблағ ҳисобидан 68 та ичимлик, 21 та оқова сув объектларини қуриш, 861 км ичимлик ва 201 км оқова сув тармоқларини тортиш режалаштирилган. Шу билан бирга, хорижий молиявий институтлар ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги 20 та лойиҳа доирасида жами 308,2 млн долларни ўзлаштириш режалаштирилган бўлиб, бунинг ҳисобига 452 км ичимлик ва 110 км оқова сув тармоқлари тортиш, 8 та сув тақсимлаш иншооти, 15 та оқова сув насос станцияларини қуриш кўзда тутилган.

«Парламент сўровига келган жавобда келтирилишича, 2024 йилда қиймати 256,7 млн доллар бўлган 4 та йирик лойиҳаларни бошлаш режалаштирилган. Натижада йил якуни билан аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 77 фоиздан 81 фоизга етказилади», — дейилади Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарида.

Мажлисда парламент сўровига жавоб юзасидан масъул қўмитага тегишли вазирлик билан биргаликда қайта кўриб чиқиб, депутатлар томонидан кўтарилган таклиф ва тавсиялар асосида такомиллаштириш вазифаси берилди.