Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Фитосанитария талаблари енгиллаштирилиши муносабати билан «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 29-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар қилди.

Амалдаги тартибга кўра, хорижий мамлакатлардан олиб кириладиган карантин остидаги маҳсулотларни Ўзбекистон ҳудудига киритиш учун Ўсимликлар карантини чегара пунктларида тадбиркордан экспорт қилувчи давлатнинг фитосанитария сертификати асл нусхасини кўрсатиш талаб этилади. Ушбу ҳужжат тақдим этилмаган тақдирда, маҳсулотлар давлат чегарасида туриб қолиши, ортиқча харажатларнинг кўпайиши импортёр-тадбиркорларга қийинчилик туғдирмоқда.

«Юқоридаги ҳолатлар фитосанитария маҳсулотларини олиб кириш талабларини янада соддалаштириш ҳамда миллий қонунчиликни халқаро амалиётга мувофиқлаштиришни тақозо этмоқда. Айниқса, хорижий мамлакатларда фитосанитария сертификати тақдим этилмайдиган маҳсулотларни мамлакатимизга олиб киришдаги тўсиқларни олиб ташлаш мақсадида амалдаги тартиб ва талабларни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда», — дейилади хабарда.

Қонун лойиҳаси билан хорижий мамлакатларда фитосанитария сертификати талаб этилмайдиган ҳамда фитосанитар хавфи паст бўлган карантин остидаги маҳсулотларни хорижий мамлакатлардан олиб киришда фитосанитария сертификатини талаб этиш амалиёти бекор қилинмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.