Самарқанд вилояти Ургут туманида тоғда адашиб қолган фуқаролар қутқарилди, дея хабар қилди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси.

Қайд этилишича, 2024 йилнинг 21 апрель куни соат 19:00 да Ургут тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимига 2 нафар фуқаро Ургут туманидаги тоғларда дам олиш мақсадида чиқиб, йўлдан адашиб қолганини маълум қилиб, пастга тушиб олишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Хабарга асосан, қидирув-қутқарув ишларига Ургут туман ёнғин-қутқарув қисмининг бир гуруҳ қутқарувчилари жалб қилинган. Қутқарувчилар томонидан олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари натижасида 22 апрель куни соат 02:45 да фуқаролар Аллаярон тоғининг денгиз сатҳидан 1800 метр баландликдан топилган.

Ушбу фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланган ҳолда тоғдан пастга олиб тушилган. Қайд этилишича, фуқароларнинг соғлиқлар яхши, уларга ҳеч қандай тан жароҳатлари етмаган.