25−30 апрель кунлари Хива шаҳрида «Лазги» II халқаро рақс фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда Маданият вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, фестивални юқори савияда ташкил этиш мақсадида ташкилий ишчи гуруҳ тузилган ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги 50 дан ортиқ дипломатик ваколатхоналари орқали чет элдаги ижодий гуруҳларни ЮНЕСКОнинг шафелигида ўтказилаётган мазкур фестивалга таклиф қилиш юзасидан ташқи ишлар вазирлигига сўров юборилган.

«Бугунга қадар 18 та давлат: Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбайжон, Индонезия, Миср, Беларусь, Россия, Сербия, Бразилия, Италия, Корея, Ҳиндистон, Франциядан йигирмата рақс гуруҳи фестивалда қатнашиш истагини билдирилган. Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Миср мамлакатларининг маданият вазирлари ҳамда ISESCO бош директори фестивалда фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши кутилмоқда», — дейилади вазирлик ахборотида.

Маълум қилинишича, танловнинг ҳудудий саралаш босқичи 8−9 апрель кунлари, республика саралаш босқичи эса 11−12 апрель кунлари Ўзбекистон давлат хореография академиясида бўлиб ўтади.

Ҳозиргача Германия, Корея, АҚШ, Қозоғистон ва Ўзбекистондан ҳакамликка номзодлик учун аризалар келиб тушган. Шунингдек, фестиваль доирасида ташкил этиладиган халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этиш учун элликка яқин маҳаллий олимлар, йигирма бешдан зиёд хорижий олим ва соҳа вакиллар ариза йўллаган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2020 йил сентябридаги қарорида ҳар икки йилда бир маротаба 25−30 апрель кунлари Хива шаҳрида «Лазги» халқаро рақс фестивали ҳамда унинг доирасида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши белгиланган.

Фестивални ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги тадбирни ташкил қилишга масъул органлар ҳисобланади. Фестиваль доирасида «Лазги» халқаро рақс фестивали танлови ташкил этилади.

Танлов иштирокчиларининг чиқишлари 3 та номинация («Энг яхши яккахон рақс ижросичи», «Энг яхши рақс жамоаси» ва «Энг яхши саҳналаштирилган рақс») бўйича баҳоланади.

Танлов ғолиблари диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланади:

  • «Гран-при» — 7000 доллар.

Ҳар бир номинация бўйича:

  • 1-ўрин — 5000 доллар;
  • 2-ўрин — 3000 доллар;
  • 3-ўрин — 2000 доллар.

Маданият вазирлигига кўра, 2022 йили Хивада ўтказилган фестивалда дунёнинг 30 давлатидан 175 дан зиёд истеъдодли раққосалар, профессионал рақс жамоалар, рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, фахрий меҳмонлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган.