Бундан 122 йил аввал — 1901 йилнинг 5 декабрида АҚШнинг Чикаго шаҳрида Уолт Дисней дунёга келган эди. У ҳеч қачон рассомликка ўқимаган бўлса-да, 1923 йили Лос-Анжелесда акаси Рой билан бирга Disney Cartoon Studio анимацион фильмлар студиясига асос солади. 1924 йили Льюис Кэрроллнинг «Алиса мўжизалар мамлакатида асари асосида олинган илк фильмини тақдим этади. 1928 йили эса унга энг катта шуҳрат келтирган мультқаҳрамони — Микки Маус дунё юзини кўради.

1937 йили тарихдаги илк тўлиқ метражли мультфильм — «Оппоғой ва етти гном»ни экранларга чиқади. Айнан шу ишидан сўнг Уолт Дисней мультипликация қироли дея таърифлана бошланади. «Пиноккио», «Дамбо», «Бэмби», «Кулойим», «101 далматин», «Жунгли китоби»да ҳам муваффақият такрорланади. Дисней айнан «Жунгли китоби» чиққан 1966 йили вафот этади, у асос солган Disney компанияси эса фаолиятини ҳамон муваффақиятли давом эттирмоқда.

Тирикчилик ташвишлари сабаб 14 ёшидан газета сотишга мажбур бўлган йигитча томонидан бир аср аввал асос солинган компания бугун йиллик тушуми бир неча ўн миллиард долларлар билан ўлчанадиган улкан медиагигантга айланган. Компания эгалик қиладиган жаҳонга машҳур студиялар (хусусан, Pixar, Marvel Studios, Lucasfilm, 21st Century Fox) томонидан ишлаб чиқарилаётган кинематография ва анимация ишланмалари эса миллионлаб томошабинларнинг севимли фильмларига айланмоқда.

Қуйидаги тест Disney томонидан суратга олинган классик ва янги мультфильмлар асосида тайёрланган.