Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Шавкат Мирзиёев президентликка қайта сайланганидан сўнг Ўзбекистоннинг иқтисодий истиқболлари юзасидан ўз баҳосини эълон қилди.

Агентлик «Мирзиёевнинг президентлик бошқаруви узайтирилишининг бошқарув сифати ва институтлар мустақиллигига таъсири вақт ўтиши билан намоён бўлади», деб ҳисоблайди.

«Бошқарув стандартларини янада такомиллаштириш ва сиёсий рискни юмшатиш рейтингнинг ижобий тарафга силжишига олиб келиши мумкин бўлган асосий омиллардир», — дея таъкидлаган Fitch. Март ойида Fitch Ўзбекистон рейтингини «BB-» даражасида, «барқарор» прогнози билан тасдиқлаганди.

Агентлик Жаҳон банкининг 2021 йилга мўлжалланган бошқарув кўрсаткичлари рейтингида Ўзбекистон ўз мавқеини сезиларли даражада яхшилаганини, бу биринчи навбатда «тартибга солиш сифати» ва «давлат самарадорлиги» параметрларининг яхшиланиши билан боғлиқлигини эслатди.

Президент қайта сайланганидан сўнг «конструктив» мухолифатни олқишлашини айтди, аммо «агар парламентнинг ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини таъминлаш бўйича самарадорлиги пасайса, бу ҳукуматнинг масъулиятни қабул қилиш даражасига салбий таъсир кўрсатиши ва Жаҳон банкининг бошқарув кўрсаткичлари рейтингида мамлакат ўрнининг пасайишга олиб келиши мумкин», дейилади шарҳда.

Fitch сўнгги пайтларда ҳукумат «жамоатчиликнинг бошқарувга нисбатан муносабатига очиқроқ реакция билдираётганининг» белгилари кузатилаётганини қайд этган.

«Айни дамда Вазирлар Маҳкамаси ва бюрократик аппаратни қисқартириш, иш самарадорлигига қараб рағбатлантириш стандартларини жорий этиш учун жиддий имконият бор», — дейилади агентлик хабарида.

Fitch Ўзбекистоннинг 2023 йилда электр энергияси тарифларини либераллаштириш режаларини «кейинги ислоҳотларга тайёрликнинг биринчи белгиси» сифатида баҳоламоқда.

Агентлик прогнозларига кўра, Ўзбекистонда 2023 йилда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши «яхши даражада» — 4,7 фоиз бўлиб, 2024 йилда 6 фоизгача ошади ва 2025 йилда инвестицияларнинг кучли ўсиши (қисман халқаро молия институтлари томонидан молиялаштирилган), чет элда ишлайдиган фуқароларнинг Россиядан пул ўтказмалари барқарор оқими сақланиб қолиши ва инфляциянинг пасайиши (бу электр энергияси тарифлари ислоҳотини қўллаб-қувватлаши мумкин) шароитида 5,8 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистон рейтингининг кўтарилишига олиб келиши мумкин бўлган иккинчи омил — ялпи ички маҳсулот ўсиши ва макроиқтисодий барқарорликни оширишга қаратилган тизимли ислоҳотларнинг изчил амалга оширилиши бўлиб, бу, ўз навбатида, Ўзбекистон аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот бўйича солиштириладиган эмитентлар билан орадаги фарқни сезиларли даражада қисқартиришига олиб келади.

«Ўзбекистон иқтисодиёти Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ва Россияга қарши санкциялар оқибатларига чидамлилигини намойиш этди, шу билан бирга, бу рискларнинг ривожланиши билан боғлиқ ноаниқлик мавжуд. Ўзбекистон Россия билан яқин савдо алоқаларини давом эттиради ва биз ишонамизки, президент Мирзиёев ҳукумати бу алоқаларни сақлаб қолишга интилади ва айни вақтда Ғарб давлатлари билан алоқаларни, айниқса, Россияга қарши санкциялар таъсиридан қочиш учун ҳам сақлаб қолишга интилади», — дейилади агентлик хабарида.