Фарғона вилоятидаги Uzsungwoo қўшма корхонасида Марказий Осиёда ягона бўлган 10 миллион долларлик лойиҳа қийматига эга металларга қиздирилган ҳолда ишлов бериш линияси фойдаланишга топширилди, деб хабар берди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати.

Объект тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, энг янги технологиялар асосида ишлайди ва Schuler, Prima Power, Benteler, Aotto каби каби дунёнинг энг олд машинасозлик компанияларида ишлаб чиқарилган пўлат ўрамдан керакли ўлчам олиш, қиздириб пресслаш, лазерда кесиш ускуналари билан жиҳозланган.

Янги линиянинг ишга туширилиши натижасида 120 та янги иш ўринлари яратилди ва корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 95 миллион долларга ошди. Металларга қиздирилган ҳолда ишлов бериш линиянинг ўзида йилига 19 миллион доллардан ортиқ 2,4 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Янги технологик жараён, шунингдек, Tracker ва Оnix автомобиллари учун 20 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштиришга имкон беради.

Маълумот учун, Uzsungwoo МЧЖ қўшма корхонасининг ташкил этилган 2012 йилдан буён вилоятга киритган инвестициялари ҳажми қарийб 60 миллион долларга етди. Корхонада 10 йилдан буён мамлакатда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун катта ва ўрта ўлчамдаги 300 дан ортиқ номдаги штамп-пайвандланган қисмлар ишлаб чиқарилади. Корхонада фаолият юритаётган ишчилар сони 900 нафардан ошди.