Президент Шавкат Мирзиёев инаугурацияга бағишланган маросимдаги нутқида тинчлик ва хавфсизлик, халқаро муносабатларга ҳам тўхталиб ўтди, деб хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

«Тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларимиз қудратини янада ошириш устувор мақсадимиз бўлиб қолади», — деди у.

У шунингдек, афғон халқига барча зарур ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.

«Минтақамизнинг ажралмас қисми, яқин қўшнимиз бўлган Афғонистонда тинч ва осойишта ҳаётни тиклаш, бу мамлакатда иқтисодий ва гуманитар инқирозга йўл қўймаслик учун афғон халқига қўлимиздан келган барча ёрдамни кўрсатамиз. Биз Афғонистон билан биргаликда йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдормиз», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев сўзи давомида Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Германия, Франция, Жанубий Корея, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва дунёнинг барча минтақаларидаги шериклар билан ўзаро манфаатли ва кўпқиррали алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор берилишини маълум қилди.

«БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари, Парламентлараро иттифоқ, халқаро молиявий институтлар ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, МДҲ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий Кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан кўп томонлама муносабатларни янги, амалий маъно-мазмун билан бойитамиз», — дея таъкидлади президент.

«Биз — дунёга, дунё — бизга очиқ бўлиши керак. Бугунги ҳаёт, бугунги тараққиётнинг талаби ҳам аслида шу. Биз ана шу ҳал қилувчи тамойилни албатта ҳаётимиз қоидасига айлантирамиз», — деди Ўзбекистон етакчиси.