Президентнинг 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.

Судьялар олий кенгаши таклифига асосан️, 2021 йил 1 февралдан илк бор судьялик лавозимига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнлари интернет тармоғи [веб-сайт] орқали онлайн тарзда ёритиб бориш йўлга қўйилади.

С️удьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур ишлаб чиқилиб, жорий этилади.

Судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилади.

Судьялар Олий кенгаши тузилмасида Судьялар даҳлсизлигини ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси тузилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилиши муносабати билан 2021 йил 1 январдан мазкур судларнинг малака ҳайъатлари шакллантирилади.

2021 йилдан бошлаб:

  • Судьялар дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга оширишда фаолиятга аралашганлик ҳолатлари юзасидан Судьялар олий кенгаши раиси томонидан киритилган тақдимнома прокуратура томонидан бир ойда кўриб чиқилиб, жиноят иши қўзғатиш ёки рад этиш бўйича хабар бериши лозим.
  • Судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумонланувчи сифатида сўроқ қилиш учун чиқаришга тегишли малака ҳайъатлари рухсати билан йўл қўйилади.
  • Судьялар дахсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси — Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси этиб қайта ташкил этилади. Шунингдек, ОАВ билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида тегишли шўба негизида матбуот хизмати ташкил этилади.

Шунингдек, ҳужжат билан судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантириш мақсадида «Ибратли судья» мукофоти ҳамда пенсияга чиққан судьялар учун «Суд фахрийси» кўкрак нишони жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, Судьялар олий кенгаши ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клуби ташкил этилиши белгиланмоқда. Клубнинг доимий масъул аъзолари таркиби кўп йиллик иш тажрибаси, чуқур билим ва юксак обрў-эътиборга эга амалдаги ва фахрий судьялар орасидан шакллантирилади.

Шу билан бирга, клуб амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ва судьяларнинг одоб-аҳлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга.