Американинг Огайо штатида «Куахога водийси» миллий боғи жойлашган. У ерда бир темир йўли бор. Бу темир излар устида эски бир тепловоз вагонларини эргаштирганча ҳаракатланади. Арзонгинага чипта сотиб олиш ва унда сайр қилиш мумкин. Бунинг нимаси ажабланарли, деб ўйлаётгандирсиз?

Худди шу поезд давлатга тегишли эмас. У тижорий ҳам эмас. Шунчаки, бир гуруҳ иштиёқмандлар бир ерга тўпланади ва боғда поезд ҳаракатини йўлга қўямиз, деган қарорга келишади. Улар нодавлат нотижорат ташкилотни (НТТ) рўйхатдан ўтказиб, пул тўплашади, тепловоз ва вагонларни таъмирдан чиқаришади ва дам олиш кунлари ўзлари машинист, чиптачи ва стрелкачи бўлиб ишлаш учун бу ерга келишади.

Умуман олганда, АҚШда одамлар ҳар қандай сабаб билан нотижорат ташкилотлар, кенгашлар, клублар, ҳаракатларга уюша оладилар. Аслида, шу нарсага фуқаролик жамияти дейилади — уйингиз остонасидан ташқарида бўлган нарсалар учун жавобгарликни ўз зиммангизга олиш.

Бизда ҳаммаси ҳам бундай эмас. Одамларимиз ниманидир текинга қилиб беришни яхши кўришмайди. Вазият 1945 йилда бомбалангандан кейинги Дрездендаги каби гўёки.

Фуқаролик жамиятининг буруқсаётган харобалари оралаб ертўлалардан ҳадиксираган фаоллар қўрққанича чиқиб келмоқда. Ва уларга нафақат қўл узатишмайди, балки аксинча, ортга қайтиб кириб кетишлари учун таёқлар билан ур-калтак ҳам қилишади.

Мен нимани назарда тутмоқдаман? Энг оддий нарсалардан бошлашга уриниб кўринг-да. Ўзбекистонда нотижорат ташкилотини рўйхатдан ўтказинг. АҚШда бунинг учун тахминан бир кун вақтингиз кетади — кенгашни тўплайсиз, баённомани имзолайсиз ва уни маҳаллий ҳокимиятга почта орқали жўнатиб юборасиз. Европада — уч кун. Ўзбекистонда эса — ҳатто уриниб ҳам кўрманг. ННТ очишга вақт сарфлашдан аҳмоқона ғоя бўлмаса керак.

Сиз мушуксеварлар жамияти, шаҳар боғи дўстларини тўплаш ёки вьетнам тили ишқибозлари клубини очишни хоҳламаслигингиз учун. Унутинг. Мен рўйхатдан ўтказишларини 11 йил кутган бир ННТни биламан. Биладиганларнинг айтишича, ҳозирда бунинг учун ўртача беш ойдан абадиятга қадар шуғулланиш мумкин. Аризангиз кўриб чиқилади ва ортга қайтарилади, кейин бу яна жуда кўп марта содир бўлади.

Давлат нотижорий фаолият билан шуғулланишни хоҳлаётган ҳар кимга жуда шубҳа билай қарайди: «Ақлли одамлар фақат пул учун ишлайди, лекин бу қаёққа қараб кетаяпти? Жосус, билдингизми». Ва қандайдир баҳоналар билан рад этишади.

Ҳар доим ҳам бундай бўлмаган. 2005 йилгача одамлар қўрқмасдан уюша олар эди. Ҳозир қачонлардир шундай имконият бўлганига ишониш ҳам қийин. Тошкент марказида, ЎзА биносининг худди ўзида ишқибозлар томонидан ташкил этилган рок клуби бор эди. Менинг ўзим ҳам шанба кунлари йиғилиб, қизиқарли бемаъни ишлар билан шуғулланадиган мутлақо беайб флешмоб ишқибозлари жамиятининг аъзоси эдим.

Уларга нима бўлди? МХХ ҳаммани қўрқитди ва ортга қайтишга мажбур қилди. «Рангли инқилобга тайёргарлик кўришаяпти». Аёллар клублари, форумлар, энкаунтер ўйинлар. Биттама-битта айланиб, ҳаммасини йўқ қилишди. Чет элликларни шунчаки чиқариб юборишди ва уларнинг ташкилотларини ёпиб ташлашди. Буруқсаётган Дрезден қолди.

Нима учун? Ҳеч ким сабабини тўғридан-тўғри тилга олмади, бироқ расмий ташвиқот қулоқларга шивирлаб турди: «ННТлар „майдон“ қилишмоқчи»". Бу сиёсий концепция фуқаролик жамиятининг қабртошидаги ёзувга айланди.

Ҳокимият чет элликларнинг ички сиёсатга нотижорат ташкилотлари орқали таъсир кўрсатишидан қўрқар эди. Бироқ саллага қўшиб каллани ҳам олишди. Хавф-хатарларни биттама-битта йўқ қилиш ўрнига (буниси янаям оғирроқ-да чунки), шунчаки ҳаммасини ёпиб юборишди. Бундай қилиш бизда одат тусига кирган.

Афсуски, бу концепция 2020 йилда ҳам ўз ҳукмини ўқимоқда. «Майдон паранойяси» ҳали ҳам яшагандан-яшамоқда. 1 февраль куни Вазирлар Маҳкамасига ННТ тўғрисидаги янги Кодекс тақдим этилиши кутилмоқда. Мутахассислар унинг лойиҳаси билан танишиб чиқишди: унда ҳеч қандай яхши нарса йўқ.

ННТни рўйхатга олиш, уни юритиш, назорати, ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик -буларнинг барчаси жуда мураккаб ва бюрократлаштирилган. Ҳеч нарса радикал равишда соддалаштирилмаган. Бирорта ҳам ақли расо фаол бунинг учун ўз вақтини сарфлашни хоҳламайди. Ва бунга мажбур ҳам эмас.

Жамият учун куйиб-ёниб яшайдиган одамга нима керак ўзи? Масалан, мен ҳайвонот боғи дўстлари клубини очишни хоҳлайман. Мен ҳужжатларни ва кенгаш таркибини тегишли идорага онлайн ёки кўрсатилган манзилга почта орқали жўнатиб юбораман. Биз банк ҳисоб рақамини очамиз, хайрия маблағларини тўплаймиз ва жониворларга ёрдам кўрсатамиз. Тамом! Текширишни хоҳлайсизми? Келинг, текширинг. Лекин бошқа ҳеч қандай бошоғриқлар керак эмас.

Эртага нима бўлиши - ҳаммаси ҳукуматнинг қарорига боғлиқ. Лекин ҳозирги кўринишдаги Кодекс, бу -фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳақида эмас. Бу «майдон паранояси» тухумларини экиш, суғориш ва ўғитлашдан бошқа нарса эмас.

Фаоллар ва энтузиастлар шусиз ҳам жуда камчиликни ташкил этади. Улар ноёб, камёб ва эксклюзив бўлишади. Уларни асраш, ғамхўрлик қилиш ва қадрлаш керак. Давлат уларнинг олдига бориб ННТ очишни таклиф қилиши, қўлидан тутиб, ёрдам кўрсатиши лозим. Чунки фаоллар давлатга унинг ишларини қилишга ёрдамлашади.

«Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади», - деди президент Шавкат Мирзиёев 25 январь куни Олий Мажлисга мурожаатида.

Ажойиб! Шунинг учун, келинг, ННТ ва фуқаролик жамияти институтларини яратишни бошлашлари учун одамларга эркинлик берайлик. Биз одамлар жавобгарликни ўз зиммаларига олишларини хоҳлаймиз. Аммо шу билан бирга, улар жавобгарликни ўз зиммаларига олишларидан қўрқамиз. Парадокс. Шундай экан, келинг, автобусни қайси томонга тортқилаш кераклигини олдиндан аниқлаб олайлик — ортга, автобус саройигами ёки олдинга?

Келинг, ким жамиятга кўпроқ зарар етказишини ўйлаб кўрайлик. Ҳозирда мавжуд бўлмаган ва, эҳтимол, қаернидир «майдон»га айлантириши мумкин бўлган хаёлий ташкилотларми?

Ёки жамиятга бугуннинг ўзидаёқ ривожланишга йўл бермаётган «ғилдиракка тиқилган таёқми?» Таёқларни олиб ташлайлик ва олдинга интилайлик.