Рио-де-Жанейродаги XV Паралимпия ўйинларининг биринчи куни Ўзбекистон термаси уч олтин, икки кумуш ва уч бронза медалини қўлга киритди. Мазкур кўрсаткич билан мамлакатимиз медаллар ҳисоби бўйича АҚШ ва Бразилияни ортда қолдирган ҳолда Хитой ва Буюк Британиядан кейинги учинчи ўринни банд этиб турибди.

Дзюдо баҳсларида Шерзод Намозов 60 килограмгача вазн тоифасида япониялик Макото Хиросани мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди. Финалга қадар у уругвайлик Генри Борхес ва озарбайжонлик Рамин Ибрагимовдан устун келди.

Озарбайжонлик Байрам Мутафаевни енга олган Ўткир Ниғматов ҳам 66 килограмгача вазн тоифасида Паралимпия чемпионига айланди. Ушбу натижа учун у финалга қадар Украина вакили Давид Хорав ҳамда Пуэрто-Рико спортчиси Перез Диазни мағлубиятга учратди.

52 килограмгача вазн тоифасида Ўзбекистон номидан баҳс олиб борган Севинч Салаева эса канадалик Прискилла Гагнени мағлубиятга учратиб, терма жамоа ҳисобига бронза медалини ёзиб қўйди. У япониялик Аюми Исиядан устун келиб, кумуш медал билан тақдирланган Рамона Брюссигка имкониятни бой берди.

100 метрга баттерфлай усулида сузиш йўналишида иштирок этган Кирилл Паньков ҳамда Музаффар Турсунхўжаев финалга кетма-кет кириб келган ҳолда кумуш ва бронза медалларини бўлишиб олди.

100 метрга баттерфлай усулида сузиш йўналишида иштирок этган Муслимахон Одилова кумуш, Фотимахон Амилова бронза медалларига сазовор бўлди.

Ўзбекистон Паралимпия термаси байроқдори енгил атлетикачи Ҳусниддин Норбеков диск улоқтиришда олтин медални қўлга киритди. 59,75 метрлик натижа билан ўзбекистонлик жаҳон рекордини ўрнатди. 15 сентябрь куни Норбеков ядро улоқтириш баҳсларига киришади.