Қонун ҳужжатлари маълумотлар миллий базаси (lex.uz)га норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақоми берилади. «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги ва «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги қонунларига киритилган тегишли ўзгартишлар Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги мажлисида тасдиқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Мажлисда қайл этилганидек, бу келгусида фойдаланувчиларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида ва тўлиқ етказишга, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тезкор ўзлаштиришга қўшимча шарт-шароит яратади.

Сенаторлар фикрича, бу аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб, жойларда қонун устуворлигининг яхшиланишига ҳам хизмат қилади.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги қонунга биноан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фақатгина улар расман эълон қилинганидан сўнг кучга киради (агарда ҳужжатларнинг ўзида бошқа муддат кўрсатилмаган бўлса).

Конституция, қонунлар, парламент палаталари қарорлари, Президент қарорлари, фармон ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва маҳкамалари, шунингдек, жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг буйруқ ва қарорлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари сирасига киради.

Бунга қадар «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ахборотномаси», «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тўплами», «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба ҳисобланар эди.