Украина президенти Владимир Зеленский Михаил Саакашвилига ислоҳотлар бўйича бош вазир ўринбосари лавозимини таклиф қилган. Мамлакат парламенти Саакашвили номзодини 24 апрель куни кўриб чиқади.
БМТ Бош ассамблеяси коронавирус пандемиясига қарши курашга қаратилган глобал ҳаракатга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Унга кўра, давлатлар ҳаётий зарур дори-дармонлар, вакциналар ва шахсий ҳимоя воситаларидаги спекуляцияга чек қўйишга ҳамда ҳаддан ташқари захираларини яратишдан воз кечишга келишди.
Ingka Group компанияси карантиндан кейин кўплаб чақалоқлар туғилишини (бэби-бум) кутаётганлигини, шу боис болалар жиҳозларини ишлаб чиқаришга инвестиция киритишини маълум қилди. Карантин даврида IKEA дўконларидан энг кўп харид қилинаётган маҳсулотлар ошхона жиҳозлари эканлиги айтилган.
2019 йил якунларига кўра, дунёнинг 55 давлатида 135 миллион киши озиқ-овқат тақчиллигидан азият чекмоқда. Коронавирус пандемияси вазиятни янада оғирлаштириши мумкин, дейилади ФАО ҳисоботида.
Қозоғистон Марказий банки компаниялар учун нақд пул ечишга чекловлар жорий этди. Қайд этилишича, бу яширин иқтисодиётга қарши курашга қаратилган бўлиб, операциялар шаффофлигини оширади ва пул ювишга тўсиқ бўлади.
АҚШ президенти Дональд Трамп Америка фуқароларининг иш жойларини сақлаб қолиш учун мамлакатга иммиграцияни тўхтатиш тўғрисидаги фармонни имзолашини айтди.
Тарихда биринчи марта, нефтни сотиш учун харидорга пул тўлаш керак. WTI маркали қайта ишланмаган нефтнинг май ойида етказиб бериш нархи 0 доллардан пастлади (-7 АҚШ доллари атрофида). Нефтга бўлган талабнинг пасайиши сабабли дунё бўйлаб 160 млн баррель нефть танкерларда туриб қолган.
2020 йил АҚШда давлат қарзи ва корпорациялар қарзи рекорд даражагача ўсиши мумкин. Федерал бюджет дефицити 4 трлн долларгача етиши кутилмоқда — бундай ҳолат 1945 йилдан бери кузатилмаган.
Хориждаги 73 нафар Ўзбекистон фуқаросида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Улардан 42 нафари Россияда, 11 нафари АҚШда бўлса, Греция ва Қозоғистонда 6 нафар ўзбекистонликда вирус аниқланган.
Россияда ишлаш учун патентларнинг амал қилиш муддати автоматик тарзда 15 июнгача узайтирилди. Ушбу тартиб вақтинча рўйхатда туриш, чет эл фуқароларининг визаларига ҳам тегишли. Иш берувчилар патентга эга бўлмаган хорижий фуқароларни ишчилар сифатида жалб қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эгалар.
Душанбе ҳокими ва Тожикистон президентининг ўғли Рустам Эмомали мамлакат парламентининг юқори палатасига раис этиб сайланди.
Россия президенти Владимир Путин 9 майда ўтказилиши режалаштирилган Ғалаба куни паради ва «Ўлмас полк» юришларини коронавирус пандемияси туфайли бошқа кунга қолдиришни буюрди. У параднинг аниқ муддатини айтмади, лекин 2020 йилда ўтказилишини таъкидлади.
Bill & Melinda Gates Foundation Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини (ЖССТ) молиялаштириш миқдорини 250 миллион долларгача оширади. Бу маблағлар коронавирус пандемиясига қарши курашга йўналтирилади.
Германия канцлери Ангела Меркель карантин чоралари қисман олиб ташланишини маълум қилди. Ҳозирча дўконлар ва мактаблар очилади.
Дунёда аниқланган коронавирус ҳолатлари сони 2 миллиондан ошди. COVID-19 ҳолатларининг аксарияти АҚШ, Испания ва Италияда қайд этилди.
АҚШда коронавирусга қарши вакцина синовдан ўтказилган аёл ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Биринчи куни унинг ҳарорати бир оз кўтарилган, кейинроқ қўли оғриган, бироқ сўнгра аҳволи яхшиланган.
Халқаро валюта жамғармаси 2020 йилда жаҳон иқтисодиёти 3 фоизга тушишини прогноз қилмоқда. Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг эса 1,8 фоизгача пасайиши кутилмоқда.
АҚШ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини молиялаштиришни вақтинча тўхтади. Трамп бу қарорни ташкилот ўзининг асосий вазифасини бажара олмагани билан асослади. Ўз навбатида, БМТ бош котиби ҳозир ЖССТ учун ресурсларни камайтириш вақти эмаслигини таъкидлади.
Италия, Испания ва Австрия коронавирус тарқалиши секинлашгани сабабли карантин чекловларини аста-секин юмшатмоқда. ЖССТ раҳбари эса ушбу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашиш ҳамда чекловларни соғлиқни сақлаш тизими инфекциянинг иккинчи тўлқинига дош беришга тайёр бўлгандагина юмшатишга чақирди.
Чернобиль зонасидаги ўрмон ёнғинлари АЭСнинг радиацион чиқиндилар омборига яқинлашди. Ёнғиннинг қасддан ўт қўйиш сабабли юзага келгани тахмин қилиниб, 2 гумондор қўлга олинди. Аланга тарқалишининг олдини олиш учун авиация ҳам жалб қилинган.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг