Tesla компанияси асосчиси Илон Маск Twitter ижтимоий тармоғини 44 млрд долларга сотиб олиш бўйича келишувга эришди. «Умид қиламанки, ҳатто менинг энг ёмон танқидчиларим ҳам Twitter`да қолишади, чунки айнан шу сўз эркинлигини англатади», — деб ёзди Маск. Эслатиб ўтамиз, Twitter Ўзбекистонда ҳануз блокланган тармоқлар сирасига киради.
Президент Ўзбекистонни минтақавий IT-марказига айлантириш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди. Бунинг учун IT экспортини йил якунигача 100 млн долларга етказиш, яна 6 та ҳудудда IT-паркларни тўлиқ ишга тушириш ва камида 20 тадан компания фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги айтилди. «Ушбу соҳа ривожланмаса, бошқа бирор бир тармоқ олдинга юрмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Инсоннинг коинотга биринчи парвози бундан 61 йил аввал амалга оширилган. Космонавтика куни муносабати билан «Газета.uz»нинг Ўзбекистоннинг коинотни ўрганишга қўшган ҳиссаси ҳақидаги мақоласини эслаймиз. Ютуқлар қаторидан «ТАПОиЧ»да космонавтларни синовдан ўтказиш учун самолётлар ишлаб чиқарилгани, Тошкент муҳандислик бюросида Ой тупроғини Ерга олиб тушган қурилманинг яратилгани, Ойни тадқиқ қилиш учун Тошкентда ишлаб чиқилган асбоб-ускуналар Невич посёлкасида синовдан ўтказилгани кабилар ўрин олган.
SpaceX компаниясининг космик кемаси тўрт нафар сайёҳдан иборат тўлиқ тижорат рейсини ХКСга етказди. Улар Ер орбитасида тахминан 10 кун бўлишади.
Tesla 2023 йилда Optimus робот моделини ишлаб чиқариши мумкин. Илон Маск яратиладиган робот «одамлар қилишни истамайдиган ишларни бажаришга қодир» бўлишига ваъда берди. Бироқ, ҳали унинг прототипи намойиш қилинмади. Миллиардер Tesla`нинг ўзи роботларнинг биринчи фойдаланувчисига айланиши мумкинлигини таъкидлади.
Boston Dynamics қутиларни бир жойдан бошқа жойга кўчира оладиган Stretch роботлари сотувини бошлади. Компания 2022 йилда етказиб бериш режалаштирилган барча роботларни аллақачон сотиб бўлди. Жумладан, DHL 15 млн долларга роботларни харид қилди.
ESA ва NASA ҳамкорлигида амалга оширилаётган миссия — Solar Orbiter автоматик космик аппарати қуёшнинг кузатувлар тарихидаги энг яқин тасвирларини тақдим этди. Суратлар қуёш орбитасидан тахминан 75 млн км узоқликда, яъни қурилма Ер сайёраси ва Қуёш ўртасидаги масофага етганида олинган.
Ўзбекистонда Skype шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунни бузувчилар реестридан чиқарилди. АКТ вазирлиги ушбу реестрга киритилган бошқа хизматларга тақиқни босқичма-босқич олиб ташлаш бўйича ишлар олиб борилаётганини қайд этди.
АКТ вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда блокланган TikTok вице-президенти Тео Бертрам билан онлайн-учрашув ўтказди. Аввалроқ, TikTok, қолаверса, Twitter ва «ВКонтакте» тўсатдан очила бошлаганди, бироқ, орадан сал вақт ўтиб, киришда яна қийинчиликлар юзага келди.
Apple компанияси iPhone SE, iPad Air ва бошқа янги маҳсулотлари тақдимотини ўтказди. Янгиланган iPhone SE смартфони энди A15 Bionic процессорига эга. Тақдим этилган янги iPad Air эса MacBook компьютерларида ўрнатилган М1 процессорига эга бўлди. Шунингдек, компания ўзининг барча компьютерларидан кучлироқ деб ҳисоблайдиган MacStudio`ни ҳам намойиш қилди.
Роскомнадзор «Россия ОАВлари дискриминацияси» туфайли Facebook ижтимоий тармоғига киришни блоклашни бошлади. Twitter ҳам тақиқ остида қолди.
Apple, BMW, Lego, Ikea, Canon, FedEx каби логистика, рақамли технологиялар, онлайн-дўконлар, етказиб бериш хизматлари ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи глобал компаниялар Украинадаги уруш ортидан Россияда ўз фаолиятини тўхтатмоқда.
Bitcoin курси сезиларли даражада ошди: икки кун ичида дунёнинг асосий криптовалютаси нархи 6500 долларга кўтарилиб, 2 март 09:55 ҳолатига 44 389 долларни қайд этди. Бошқа криптовалюталар нархи ҳам ўсмоқда.
Apple Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига жавобан Россияда ўз маҳсулотларини сотишни тўхтатди. Қолаверса, Россияда Apple Pay ва бошқа хизматлардан фойдаланиш ҳам чекланди. Компания шунингдек, Украина фуқаролари хавфсизлиги учун мамлакатда Apple maps`да тирбандлик ва авария ҳодисаларини кузатиш функцияларини ҳам ўчирди.
Ўзбекистон Американинг AeroVironment компаниясидан разведка ишларини амалга оширувчи енгил RQ-20B Puma 3 AE дронларини сотиб олади. Умумий қиймати 8,54 млн долларлик шартнома бўйича ишлар 2022 йил 30 ноябрига қадар тугатилади. Shephard Defence Insight сайти ҳисоб-китобларига кўра, шартнома доирасида Ўзбекистонга 40 га яқин дрон етказиб берилиши мумкин.
2021 йилда IT Park резидент компаниялари томонидан 2,5 трлн сўмлик хизматлар кўрсатилди, шундан 46 млн доллар экспорт ҳиссасига тўғри келади. Бу кўрсаткич 2020 йилга қараганда 2,8 баробар кўп. Қолаверса, ўтган йили IT Park резидентлари сони жами 523 тага етди, йил давомида 104 та янги компания ташкил этилган, 124 та компания эса резидентликдан маҳрум этилди.
2022 йилдан бошлаб Россиянинг IT-маҳсулотларини тарғиб қилувчи «рақамли дипломатлар» мамлакатнинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва яна 14 давлатдаги савдо ваколатхоналарида ўз фаолиятини бошлайди. Шунингдек, ушбу дипломатлар Россиянинг IT-компанияларига консалтинг ва ҳуқуқий ёрдам хизматларини кўрсатадилар.
Адлия вазири Русланбек Давлетов TikTok`ни блоклаш ҳақидаги таклифларга муносабат билдириб, ахборотнинг эркин тарқалиши тарафдори эканини, TikTok`ни блоклаш техник жиҳатдан жуда қийин масала эканини айтди. «TikTok`дан бошқа жойда ёмон контент йўқми, интернетга кирсангиз, бошқа бўлмағур сайтлар йўқми?», — деган вазир.
Жаҳон банки иқтисодчиси Винаяк Нагараж Ўзбекистонда UZIMEI мобил қурилмаларини рўйхатдан ўтказиш тизимини «бюрократик, ноқулай ва фуқаролар учун фойдасиз», деб атаб, у «Ўзбекистонни орқага тортаётганини» таъкидлади. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев эса давлат органлари ўз вазифасини бажара олмагани учун ушбу тизимни «икки карра телефон солиғи» деб ҳисоблайди. Блогер Шаҳноза Соатова эса тизимнинг «бети қаттиқ» эканлигини айтди. UZIMEI оператори танқидларга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти пойтахт бинолари ёшини аниқлашга ёрдам берувчи Age Tashkent порталини ишга туширди. Сайт орқали шаҳардаги бинолар қурилган сана, уларнинг тури ва бошқа маълумотларни олиш мумкин.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг