Шавкат Мирзиёев Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига табрик мактубини йўллади. Давлат раҳбари беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини 1000 долларга етказиш, соҳага икки баравар кўпроқ маблағ йўналтириш кўзда тутилганини қайд этди. У шунингдек, сана муносабати билан 82 нафар тиббиёт ходимини давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонга имзо чекканини маълум қилди.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи «Туркий давлатлар ташкилоти» деб ўзгартирилади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев Туркий кенгаш саммитида Афғонистон масаласига тўхталиб ўтди. У «Афғонистоннинг гуманитар инқирозга тушиб, халқаро майдонда яккаланиб қолишига, террорчилар маконига айланишига йўл қўймаслик ниҳоятда долзарблигини» айтиб ўтди.
Садир Жапаров ва Шавкат Мирзиёев Истанбулда учрашди. Қирғиз президенти матбуот хизмати ёзишича, Ўзбекистон етакчиси «икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасини 1 млрд долларга ошириш учун реал имконият мавжуд», дея таъкидлаган. Садир Жапаров ҳамкасбини яна бир бор Қирғизистонга таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммитида иштирок этиш учун Туркиянинг Истанбул шаҳрига жўнаб кетди. Давлат раҳбари ташриф доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.
Республика бўйлаб барча маҳаллаларда «ҳоким ёрдамчиси» лавозимига молия-иқтисодиёт сектори ходимлари мажбурлаб ўтказилаётгани айтилмоқда. Мурожаатчиларнинг сўзларига қараганда, улар ушбу лавозимга ўтишни рад этса, «президентга хиёнат» қилаётганликда айбланиб, ишдан бўшатилиши билан қўрқитилмоқда. Суҳбатга келмаганлар эса ички ишлар органлари томонидан мажбуран олиб кетилаётгани маълум қилинди. Аввалроқ, сайловолди ташвиқоти даврида Шавкат Мирзиёев «ҳоким ёрдамчиси» лавозимига ёшлар орасидан номзодлар танлаб олинишини айтганди.
Шавкат Мирзиёев Молия вазирлигига 2022 йилда «Соғлом турмуш тарзи» платформасини (1hls.uz) янада оммалаштириш учун қўшимча 60 млрд сўм ажратиш бўйича топшириқ берди. Маълумотларга кўра, мазкур платформадан фойдаланувчилар бугунги кунда 600 минг нафарга етди, уларга пиёда юргани учун 18 млрд сўм тўлаб берилди.
«Газета.uz» мухбири Тошкент ҳокимига чанг-қумли туман ва экологик муаммолар ҳақида савол берди. Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса чангнинг Қозоғистондан кириб келганини айтиб, провокация қилмасликни сўради. У «Газета.uz»га экология мавзусида тадбир ташкил этишни таклиф қилди ва буни ҳокимлик қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев ҳам чанг ташқаридан келганини айтган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этиш учун 11−12 ноябрь кунлари Туркияга ташриф буюради.
Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевга Қарағанда вилоятидаги конда юз берган портлаш оқибатида олти киши ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Айдар-Арнасой ҳудудида экотуризмни ривожлантириш учун, аввало, сув ҳажми барқарорлигини таъминлаш, биохилма-хилликни асраш кераклиги таъкидланди. Кўллар атрофида қўшимча сайёҳлик зоналари ва дам олиш масканлари барпо этиш, балиқ овлаш ҳажмини 4 минг тоннадан 20 минг тоннага етказиш ва қирғоқлар бўйидаги 800 гектар ерда дарахт ва буталар экиш топширилди.
Президент халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилаб берувчи қонунчилик базасини яратиш вақти келганини айтди. Унга кўра, «энди кенгаш раҳбари ижроия органи раҳбари бўла олмайди».
Декабрь ойида Ўзбекистон президентининг Жанубий Кореяга расмий ташрифи режалаштирилган. Бу ҳақда Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистон раҳбарига йўллаган табригида айтилди.
Президент келгуси беш йилда тинчлик ва хавфсизлик масалалари ҳамда халқаро ҳамкорлар билан алоқалар янада мустаҳкамланишиги маълум қилди. «Биз — дунёга, дунё — бизга очиқ бўлиши керак. Бугунги ҳаёт, бугунги тараққиётнинг талаби ҳам аслида шу», — деди у.
Президент Шавкат Мирзиёев инаугурацияга бағишланган маросимда Конституцияни такомиллаштириш масаласини кўриб чиқишга эътибор қаратди. «Туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганини кўрамиз», — деди у.
Шавкат Мирзиёев қасамёддан сўнг нутқ сўзлаб, президентлик лавозимига биринчи марта киришганида айтган сўзларини ёдга олди: «Менга сохта ва баландпарвоз гапларнинг кераги йўқ», — деди у. Қолаверса, у сайловолди учрашувларда билдирилган ҳудудларни ривожлантиришга оид таклифлар йиллар давомида аниқ дастурлар бўйича амалга оширилишини таъкидлади.
ЎзЛиДеП партиясидан Ўзбекистон президенти этиб қайта сайланган Шавкат Мирзиёев инаугурацияси 6 ноябрь куни Сенатнинг янги биносида бўлиши кутилмоқда.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов «„Ўзкомназорат“ томонидан бир ёқлама, узоқни ўйламай қилган ҳаракати ҳақида президент хабар топгани» ҳақида хабар берди.
Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режасини маълум қилди. 2 ноябрдан 10 декабргача бўлган муддат дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» деб эълон қилинди.
Президент иштирокидаги видеоселекторда цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилиши маълум қилинди. Шунингдек, цемент ишлаб чиқарувчиларга фойда солиғи 20 фоиздан 15 фоизгача, ер қаъридан фойдаланганлик солиғи эса 2 бараварга камайтирилиши қайд этилди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг