Президент раислигида ўтган видеоселекторда бу йил Қишлоқ хўжалиги жамғармасига 24 триллион сўм маблағ йўналтирилиши маълум қилинди. Бунда, биринчи марта, сабзавот етиштиришга Марказий банкнинг асосий ставкасида кредитлар бериш учун 300 млрд сўм қўшимча маблағ ажратиш назарда тутилган.
Шавкат Мирзиёев «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида"ги қонунни имзолади. Ушбу қонун арбитраж келишувга эришиш, арбитрларни тайинлаш ва арбитраж муҳокамасини ўтказиш тартибини белгилайди.
Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида нутқ сўзлади. Унинг нутқидан асосийлари: яқин вақт ичида парламент Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилади, бу йил яна 20 мингдан зиёд киши Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлади, қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўйилмайди, Ўзбекистон бу бўйича махсус маърузачини таклиф этишни кўзламоқда, қолаверса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар ташрифи ҳам кутилмоқда.
«„Эри рухсат бермаса деяпти“. Бу ҳам ҳозир бизнинг Наманганда мана шу ибора пайдо бўляпти. Бу ибора билан ҳам курашишимиз керак. Нимага десангиз, ҳаммамиз тенг бўлиб, аёлларимизни ҳам муносиб иш билан таъминлашимиз керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон аҳолиси учун коронавирусга қарши вакцинани харид қилиш чоралари кўрилаётганини маълум қилди. «Энг маъқулини топамиз. Бизнинг иқлимимизга мос, халқимизга фойдаси кўпроқ бўладиган вакцинани сотиб оламиз», деди президент.
Президент Янгиқўрғон туманида жойлашган БААнинг «Sura General investment» корхонаси раҳбари Абдулбария Айманга «БАА билан дўстлик кўпригимизга жуда катта ҳисса қўшганингиздан миннатдорман», деди. Тадбиркор Ўзбекистонга май ойида амирликлардан инвесторларнинг катта гуруҳини олиб келишини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев ИИВ ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида «ҳамма „каттакон“ участка нозирига буйруқ беради», дея таъкидлади. Президент шунингдек, «ўзи энг катта меҳнаткаш — профилактика инспектори» эканини айтди. Давлат раҳбари ИИВ ходимлари маошини 30 фоизга, маҳаллада хизмат қилаётганларнинг маошини эса 60 фоизгача ошириш бўйича кўрсатма берди.
Шавкат Мирзиёев вазирлар иш кунларини Тошкентда эмас, вилоятларда ўтказиши кераклигини таъкидлади. Улар Тошкентда фақат шанба ва якшанба кунлари бўлиши мумкин. Президент «вазир республикага хизмат қилишини, Тошкентни қоровуллаб ўтирмаслигини» айтди.
Президент видеоселектор йиғилишида давлат активларини хусусийлаштиришни тезлаштириш бўйича топшириқ берди. «Қўчқоров, Ортиқовнинг иш фаолиятига давлат улуши мавжуд корхоналарни жорий йилда уч бараварга қисқартириш натижалари бўйича баҳо берилади», — деди давлат раҳбари.
4 февраль куни Беларусь президенти Минск шаҳрида миссиясини якунлаётган Ўзбекистон элчисини қабул қилди. У Ўзбекистон режалари тўғрисида Шавкат Мирзиёев билан суҳбатлашганда «баъзан чўчишини» тан олди.
Фарғона вилояти Халқ депутатлари кенгаши йиғилишида Шавкат Мирзиёев бош вазир Абдулла Арипов фаолияти ҳақида фикр билдирди. «Самарқандда ҳоким бўлганимда битта шу вазир олдимга келиб, муаммоларни сўраган. Бошқа бирорта вазир келмаган», — деди давлат раҳбари.
Президент Фарғона вилоятидаги сафари давомида бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевнинг фаолиятига тўхталиб, «у ҳалол одам, тоза одам, ҳаловати йўқ одам. Фарғона халқини оғир синов кунларида нисбатан жуда катта иш қилди, мен ундан розиман» деди. Президент Бухорога ташрифи чоғида қишлоқ хўжалиги соҳасини уни қониқтирмаётганлигини, тизим тўғри йўлга қўйилмас, Ғаниевни ишдан бўшатишини айтган эди.
Шавкат Мирзиёев журналистлар билан суҳбатда «адолатни етказишдан тўхтамаслик» лозимлигини айтди. «Қўрқманглар. Ортингизда Президент турибди», — деди президент.
Президент билан учшарувларда амалдорлар блокнотларга қайдлар ёзиб бориши — «бу шаклланган сиёсий маданият ва биз уни ҳурмат қилишимиз керак», деди Сардор Умурзаков. Унинг сўзларига кўра, ўзига тегишли бўлган топшириқларни ёзиб боради, кейин эса тизимлаштиради ва улардан ўз чиқишида асосий масалаларни ўртага ташлашда фойдаланади.
Инвестицион лойиҳалар тақдимотида Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаевга мурожаат қилиб, шаҳар ичидаги қурилиш лойиҳалари ҳақида танқидий фикрлар билдирди. «Мен Тошкентда 4−5 йил ишлаганман оғайни. Бу ерга 120 мм ли кичкинагина канализация қўйганмиз… Сен эса у ерда 9 қаватли уй қурибсан», — деди президент.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги биринчи президент Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Қирғизистоннинг янги сайланган президенти Садир Жапаров BBC’га берган интервьюсида президентлик муддати давомида авторитар ҳокимият ўрнатиш хоҳиши йўқлигини айтиб, Ўзбекистон мисолини келтирди. «Каримов даврида кучли диктатура эди. Шавкат Мирзиёев келгач, диктатурани олиб ташлаб, дунёга эшигини очди. Агар диктатура ўрнатаман деса, Каримовнинг диктатурасини давом эттирса бўларди. Давом эттирмади-ку. Бу ҳар бир одамнинг ўзига боғлиқ», — деди Жапаров.
Президент иқтидорли ёшларни кашф қилиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсидида «Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳасини илгари сурди. Ҳар бир ҳудуддан 100 тадан ғоя — жами 1400 та ғоя йиғилиши кутилмоқда.
Ўзбекистондаги 129 та ОТМда 500 минг нафар талаба таҳсил олади, лекин улар етарлича ётоқхоналар билан таъминланмаган. Тошкентда 13 фоиз талабалар яшаш жойи билан қамраб олинган. Шавкат Мирзиёев талабалар турар жойлари сонини кўпайтиришни буюрди. «Битта хонада 4 киши бўлсин, плацкартага ўхшаб», — деди у.
Илгари эришилган келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон ва Корея президентлари онлайн учрашув ўтказади. Кун тартибидан стратегик шериклик муносабатлари ўрин олган. Саммит якунида эса янги ташаббусларни илгари суриш кўзда тутилган ҳужжатлар имзоланади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг