Жомбой туманидаги «Зарафшон» миллий табиат боғига қарашли ўрмонда ёнғин келиб чиқди. Уни 6 та ёнғин-қутқарув экипажи 2 соатдан кўпроқ вақтда бартараф этди. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқлиги айтилди.
Самарқандда 29 ёшли аёл уксусдан заҳарланиб, вафот этган ҳолат юзасидан ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Уни қайнонаси камситиб келгани айтилмоқда. Марҳумадан олдинги келин ҳам ўз жонига қасд қилгани маълум бўлди.
Самарқандда истиқомат қилувчи 29 ёшли аёл уксус кислотасидан заҳарланиши оқибатида вафот этди. Ижтимоий тармоқларда у ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда. Бош прокуратура терговга қадар текширув ҳаракатларини ўз назоратига олди.
РШТТЁИМ Самарқанд филиали директорининг ўринбосари фуқарони туғуруқхонага ҳамшира лавозимига ишга киритиб қўйишга уринганликда гумонланмоқда. У бунинг эвазига 1400 долларни олган вақтида ушланди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида фуқароларни 40 минг доллар эвазига виза расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, АҚШга жўнатишга уринганликда гумонланган шахслар қўлга олинди.
Самарқандда иккита ҳолатда қарийб 16 килоргаммга яқин гиёҳвандлик воситаларини етказиб бериш ва сотиш билан шуғулланган уч нафар шахсга суд ҳукми ўқилди. Уларга нисбатан 11 йилдан 13 йилгача қамоқ жазоси тайинланди.
8 июнь куни Ургут туманидан ўтувчи Зарафшон дарёсининг каналига 16 ёшли бола тушиб кетиши оқибатида вафот этди. Унинг мурдаси орадан 8 кун ўтиб бошқа канал қирғоғидан топилди. Ота-онаси даъвоси йўқлиги ҳамда қарши бўлгани учун тиббий экспертиза ўтказилмади, жиноят иши ҳам қўзғатилмади.
Самарқанддаги шифохоналардан бирида аёл 1,5 ёшлар атрофидаги фарзандини ухламагани учун қаттиқ силтаб, бир неча бор калтаклади. Вилоят ИИБ аёл руҳий соғломлиги, бироқ, воқеа пайтида стресс ва асабий ҳолатда бўлганини маълум қилди. Унга нисбатан қийнаш моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Самарқандда туристларга электрошокер қўллаган ИИБ ходимларининг икки нафар раҳбари ҳам лавозимидан озод этилди. Вилоят ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматовнинг сўзларига кўра, мазкур воқеадан кейин ходимларга фуқаролар билан қандай муомалада бўлиш ва электрошокер қўллаш тартиби бўйича йўриқнома тарқатилган.
Самарқанд вилоятида машина 4 ёшли қизчани пиёдалар ўтиш жойида уриб юборди, у вафот этди. ЙҲХХ маҳаллада суҳбат уюштириб, аҳолига «огоҳликка чорловчи» буклетлар тарқатди.
Самарқандда қозоғистонлик ва маҳаллий туристларга куч ишлатган, шу жумладан, электрошокер қўллаган Ички ишлар бўлимининг икки нафар ходими ишдан бўшатилди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Қурилиш вазирлиги тармоқларда видеоси тарқалган Самарқанд вилоятидаги 12 қаватли бино ноқонуний қурилганини маълум қилди. Бино эгаси Қурилишда назорат инспекцияси томонидан бир неча марта огоҳлантирилган, бироқ 2012 йилдан бери қурилиш ишлари давом эттирилган. «Ўзоғирсаноатлойиҳа» бинонинг сейсмик ҳолати талабларга жавоб бермаслиги, колонналарнинг айрим жойлари дарз кетганини тасдиқлади. Бинони бузиб ташлаш бўйича хулоса берилди, иш судда кўриб чиқилади.
Самарқандда Афросиёб археологик объекти яқинида ободонлаштириш иншооти қуриш учун ер кавлангани аниқланди. Кавланган чуқурдан ўрта асрларга оид сопол буюм қолдиқлари, ғишт ва қабристон қолдиқлари топилган.
Самарқанд вилоятида Nexia автомобилининг каналга тушиб кетиши оқибатида икки нафар мактаб ўқувчиси ва 29 ёшли эркак ҳалок бўлди. Ҳайдовчи ва яна бир йўловчи тирик қолган, ҳайдовчи воқеа жойидан яширинган.
Самарқандда «Микрокредитбанк» филиали раҳбари тадбиркорга кредит ажратиб бериш эвазига 10 минг доллар пора талаб қилиб, айтилган сумманинг 6 мингини олаётганда қўлга тушди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Самарқандда жамоат транспортини ривожлантириш учун 2023 йил охиригача 40 та янги, жумладан, 5 та экспресс йўналиш очиш, марказий кўчаларда автобуслар учун алоҳида йўлаклар ажратиш, 180 та электробус харид қилиш режалаштирилмоқда. 1 июлдан бошлаб шаҳар жамоат транспорти вилоят буджети ҳисобидан субсидияланади. Икки туманни Самарқанд билан электропоезд орқали улаш таклиф қилинмоқда. «Йўлларни кенгайтириш билан тирбандлик муаммосини ҳал қилиб бўлмайди. Жамоат транспортига устувор аҳамият бериш керак», деди Шавкат Мирзиёев
Самарқанддаги меҳмонхоналардан бирининг иш бошқарувчисига хорижлик сайёҳ, IT-мутахассисни ҳақоратлаб, камситгани учун 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Жомбой туманида фуқаро давлат захирасидаги 80 сотих ерни танишлари орқали бошқа фуқарога расмийлаштириб беришига ишонтиргани ва бунинг эвазига 22 минг доллар талаб қилгани айтилмоқда. У олдиндан 11 минг долларни олганида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ушланди.
Шавкат Мирзиёев чоршанба куни Самарқанд туризм марказини қуришни тезлаштириш юзасидан масъулларга топшириқ берди. Лойиҳага кўра, ушбу мажмуада конгресс холл, «Абадий шаҳар» карвон саройи, 8 та меҳмонхона қуриш кўзда тутилганди. Ҳозирги кунга келиб, меҳмонхоналар, қадимий шаҳарчалар, йўл ва кўприкларни қуриш ишлари олиб борилмоқда (фото).
Президент қарорига кўра, Самарқанд давлат тиббиёт институти университет сифатида қайта ташкил этилди. ОТМда бакалавриат битирувчилари учун поликлиникаларда 6 ойлик малакавий амалиёт кўринишидаги субординатура жорий этилади. Самарқанд вилояти Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари университетга бириктирилади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг