Умеджон Барноев Бухоро тумани ҳокимига биринчи ўринбосар этиб тайинланди. У коронавирус асоратлари оқибатида вафот этган бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевнинг укаси.
Қашқадарё вилоятида пандемия даврида вафот этган 27 нафар тиббиёт ходими шахси маълум қилинди. Ҳокимият оламдан ўтган тиббиёт ходимлари оила аъзоларига бир марталик моддий ёрдам кўрсатмоқда. 2020 йилда вафот этган шифокорлар хотирасига бағишланган «Фидокорлар» телеграм каналидаги рўйхатда 485 нафардан ортиқ шахс номлари кўрсатилган.
Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрига ҳоким вазифасини бажарувчи лавозимига Утемурат Панаев, Қораўзак тумани ҳокими этиб Узақберген Утамбетов ва Чимбой тумани ҳокими лавозимига Айбек Тажетдинов тайинланди.
Бош прокурор Данғара тумани давлат солиқ инспектори 22 та сохта фирма очиб, 268 млрд сўмни нақдлаштирганини қайд этди. Маълум бўлишича, 31 нафар солиқ ходими мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ва жиноий жавобгарликка тортилган.
Бош прокурор «Aрк Булоқ» божхона постининг собиқ раҳбари ҳибсга олинганини эълон қилди. Маълум қилинишича, мансабдорнинг уйида тинтув ўтказилганда, 311 минг доллар нақд пул топилган. Жиноий фаолиятдан олинган даромадлардан фойдаланиб, у «Tashkent City» да иккита уй ва нотурар жой, Captiva сотиб олиб, уй қурган.
Халқ банки ва Микрокредитбанк бошқарувининг собиқ раиси бир қатор коррупция жиноятларида, шу жумладан AҚШда яширинаётган шахс билан тил бириктиришда айбланмоқда. Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг сўзларига кўра, икки йил ичида турли банкларнинг 166 мансабдор шахслари жавобгарликка тортилган.
Ҳар кимнинг таъбига мос келадиган фойдали ва мазали нонушталар рецептларини Zira.uz тайёрлаб қўйган рўйхатдан топишингиз мумкин.
Охирги 10 йил ичида аҳолининг телевизорлар билан таъминганлиги деярли 1,2 бараварга, енгил автомобиллар билан таъминланганлиги 2 баравардан кўпроққа ошган. Январь-сентябрь ойларида 100 та уй хўжалигига 161 та телевизор, 48 та енгил автомобил тўғри келган.
Ҳукумат қарорига биноан, тезлиги соатига 40 ва ундан юқори бўлган электромобиллар давлат рўйхатидан ўтказилади. Ушбу рўйхатга электромотоцикллар ва электроскутерлар ҳам киритилган.
Тошкент шаҳрида «Nexia-3» ва «Spark» машиналарининг тўқнашуви натижасида вояга етмаган 16 ёшли машина ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этди.
Сўнгги йилларда биринчи марта Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистондаги демографик вазият тўғрисидаги ҳисоботга ўлим ҳолатлари статистикасини киритмади. Қўмита Адлия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот бермаганлиги ҳақида маълум қилди. Аввалроқ «Газета.uz» коронавирус пандемияси сабабли вафот этганлар сони июль ойида мамлакатда 26,4 фоизга, Тошкентда эса 2,6 мартага ошганини ёзган эди.
«Онлайн мактаб» доирасидаги юқори синф ўқувчилари учун инглиз тили дарсларини ўтишга АҚШлик мутахассис жалб этилди. ХТВнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, хориждан яна бошқа ўқитувчилар ҳам жалб этилиши кутилмоқда.
Ноябрь ойининг биринчи ҳафтасидаги илиқ ҳарорат ҳафта сўнгида ҳавонинг салқинлашиши билан якунланади. Якшанба куни ёмғир ёғиши кутилмоқда ва ҳарорат пасайишни бошлайди. Кейинги ҳафтанинг бошида кундузи ҳаво ҳарорати 10−15 даража бўлади.
Эпимаркази Қирғизистон бўлган зилзила Ўзбекистон шаҳарларида ҳам сезилди. Зилзила кучи Фарғонада 5 баллни, Тошкентда 2 баллни ташкил этди.
Автомобил рақамларининг 1−3-тоифалари исталган ҳарф комбинациялари билан аукционга қўйилиши мумкин. Бундай рақамларнинг бошланғич нархи Тошкент шаҳрида 300 дан 900 БҲМгача, бошқа ҳудудларда 200 дан 500 БҲМгача бўлади. 6 ой ичида сотилмаган «чиройли» рақамлар арзон нархда аукционга қўйилади.
Тошкент вилоятида бир гуруҳ фуқаролар «Миллий гвардия» ҳарбий кийимини кийиб, қуролланган ҳолда йўлда кетаётган шахсга зўрлик ишлатган. Босқинчилик қилган шахслар воқеа жойида қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Ўғлининг тўйида 53 киши қатнашган Бухоро вилоят Санитария-эпидемиология хизмати раҳбари 4,4 млн сўм миқдорида жаримага тортилди.
Қашқадарёда ўрмон ёнғини юз берди. Салкам 600 та Зарафшон арчаси ёниб кетган.
Covid-19 га қарши вакцина нафақат Хитой, балки вакцина ишлаб чиқилаётган бошқа давлатлардан ҳам келтирилиши режалаштирилмоқда. Инновацион ривожланиш вазири аҳолига ҳар қандай вакцинани олиб келиш учун бир неча вакциналарнинг синовини параллель равишда ўтказиш зарурлигини таъкидлади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг