Карантин даврида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг хорижлик ходимлари аккредитация карточкасининг амал қилиш муддати узайтирилади. Давлат мулкини ижарага олган ННТлар учун ижара тўлови «ноль» ставкада қўлланилади.
«Маърифат» газетаси мухбири Шарифа Мадраҳимова озиқ-овқат ярмаркасида тасвирга олгани учун Учкўприк туман ИИБда ушлаб турилгани ва телефонидаги видеоёзув ўчириб ташланганини маълум қилди. Журналист ҳокимлик эълон қилган озиқ-овқат нархларини текширмоқчи бўлган.
Россияда турли бахтсиз ҳодисалар оқибатида вафот этган 17 фуқаронинг жасадлари Ўзбекистонга олиб келинди.
Мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги муносабати билан Тошкентдаги кўчалардан бирига унинг номи берилади. Павел Беньков номи эса Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабига берилади.
Давлат солиқ қўмитаси карантин даврида йирик солиқ тўловчиларнинг транспорт воситаларига махсус рухсат берувчи стикерлар беришни бошлайди. Рухсат берувчи стикер олинган кундан бошлаб 30 кун мобайнида ҳаракатланиш ҳуқуқини беради. Стикерлар фақат белгиланган йўналиш бўйича, хизмат мақсадларида соат 9:00 дан 18:00 гача транспорт воситасидан фойдаланиш учун берилади.
Дарслик чоп этувчи нашриёт-матбаа корхонларининг фаолият юритишига рухсат берилди. Ушбу корхона раҳбарлари санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилишига шахсан жавобгар бўлишади.
АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистонда коронавирус пандемияси шароитида фуқароларга бепул психологик ёрдам кўрсатувчи ресурс ишга туширилганлигини олқишлади.
Ўзбекистон коронавирусни даволашда қўлланилаётган ўпкани сунъий шамоллатиш ускунаси ва полимераза занжири реакцияси мосламаларини сотиб олиш учун Япония ҳукумати грантларини жалб қилишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида тўрт поғона юқорилаб, 180 давлат орасида 156-ўринни эгаллади. Мамлакатдаги вазият ҳали ҳам «мураккаб» деб баҳоланмоқда.
Ўзбекистондан жўнатилган икки партиядан иборат инсонпарварлик ёрдами Москвага етиб борди. Россияга жами 5 млн дона тиббий ниқоб юбориш режалаштирилган.
Халқ таълими тизимидаги ташкилот ва муассасаларда 2019−2020 ўқув йили «online-maktab» лойиҳаси доирасида ташкил этилган масофавий телевизион видеодарслар орқали якунланади.
Жиззах вилоятида ВАЗ-21063 ҳайдовчиси уриб юборган тўрт ёшли қизча шифохонада ҳаётдан кўз юмди.
«Албатта, рағбатлантириш учун пул тарқатиш осон йўл. Лекин эртага бунинг оқибатда нималарга олиб келишини ҳали бирон бир иқтисодчи башорат қила олмаяпти», — дея таъкидлаган президент. У «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиб, тадбиркорлар ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ёрдам бериши таклифини илгари сурди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2020 йил Рамазон ойининг бошланиши 24 апрель кунига тўғри келишини маълум қилди.
Ҳафтанинг иккинчи ярмидан ҳарорат +30 даражалик чегарадан ошади. Фақатгина Қорақалпоғистонда пайшанба куни қисқа муддатли ёмғир ёғиши, жума куни эса ҳавонинг салқин бўлиши кутилмоқда.
Ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда биринчи хусусий тадбиркорлик университети — TEAM University ташкил этилди. Бир гуруҳ тадбиркорлар ва мутахассислар иштирокида очилган ОТМда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.
Қозоғистон ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни ратификация қилди. Унга кўра, мигрантларга меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ зарар етказилганда, компенсация ва бепул тиббий ёрдам кафолатланади.
Махсус комиссия қарори билан пенсионерларнинг банк карталаридан комиссион тўловлар ундирилмайди. Карантин даврида пенсиялар фақатгина карталарга ўтказиб берилади.
Ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфларга 6-синфни битирган ўғил ва қизлар танлов асосида қабул қилинади. Номзодлар жисмоний тайёргарлик синови ва тест имтиҳонларидан ўтади.
Тошкентда автомашинада ҳаракатланиш ҳуқуқини берувчи стикерларни ноқонуний қўлга киритган МЧЖ раҳбарларига жиноят иши қўзғатилди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг