Ўзбекистон ҳудудида зилзила содир бўлди. Наманганда унинг кучи 5 бални ташкил этди.
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани «Улуғбек» маҳалласи (Улуғбек шаҳарчаси) ҳудудида карантин чоралари кучайтирилди. Кириш ва чиқиш тўлиқ ёпилди, аҳолига фақат зарурат туғилгандагина кўчага чиқиш тавсия этилмоқда.
Алишер Усмонов жамғармаси ажратган маблағлар сув тошқинидан жабрланган Сирдарё вилояти аҳолисига тарқатилади. Ҳукумат томонидан ҳам молиявий ёрдам кўрсатилиши кутилмоқда.
Гулнора Каримованинг жиноий йўл билан орттирилган 10 млн долларлик активлари Франциядан Ўзбекистонга қайтарилди. Мулкларни қайтариш бўйича музокаралар давом эттирилмоқда.
Бекободда ўзини блогер деб таништирган шахс бозордаги камчиликларни ёритмаслик учун назоратчидан 1000 доллар талаб қилди. У айтилган пулнинг 700 долларини олаётганда ушланди.
Россия-Қозоғистон чегарасида уйга қайтишни хоҳлаган юзлаб Ўзбекистон фуқаролари йиғилди. Улар ватанга қайтиш учун Қозоғистон орқали йўлак ташкил этилишини талаб қилмоқда. Вазият Республика комиссияси томонидан ўрганилмоқда.
Фарғонада Effect.uz сайти оператори ҳужумга учраган. Маълумотга кўра, операторнинг кўзларига газ сепилиб, машинасининг ойналарини синдирилган, операторнинг видеокамераси олиб қочилган. Операторга ҳужум қилганлар ўзига тегишли бўлган ҳужжатларни воқеа жойида унутиб қолдиришгани айтилмоқда. Бош прокуратура терговолди текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганлигини маълум қилди.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида кучли ёмғир ва сел келиши кузатилган. Натижада тумандаги бир нечта аҳоли хонадонларида сув тўпланган, тан жароҳати олганлар йўқ.
13 май куни Сурхондарё вилояти Бойсун ва Олтинсой туманларида кучли ёмғир сабабли сел кузатилган. «Олтинсой» сойининг сув ҳажми сезиларли даражада ошганлиги сабабли, ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган 900 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудга вақтинча кўчирилган. Сел оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган.
«Доимий прописка» тушунчаси ўрнига «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчаси киритилди. Эр-хотиннинг никоҳдан кейин 1 йил давомида биргаликда яшаш шарти ва 1 йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар бекор қилинди. Шу ва бошқа янги тартиблар президент томонидан имзоланган прописка тўғрисидаги янги қонунда.
Кичик бизнес ва фермер хўжаликларига ижтимоий солиқ ставкасининг туширилиши, ер ва мол-мулк солиғидан озод қилиш, божхона тўловларини 120 кунгача кечиктириб тўлашга рухсат бериш, нафақа олувчилар сонини кўпайтириш, Тошкент шаҳрида аҳолига якка тартибда уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун кредит бериш тажрибасини жорий этиш ва бошқа чоралар. Шавкат Мирзиёев тадбиркорларни ва аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича янги чораларни эълон қилди.
Ҳиндистон Ўзбекистонга коронавирусга қарши кураш учун дори воситалари, жумладан аввалроқ мамлакат ҳукумати сўраган гидроксихлорохин ҳапдориларини тақдим этди.
Хоразм вилояти Янгибозор туманида катта йўлга югуриб чиққан болани катта тезликда ҳаракатланаётган Matiz ҳайдовчиси уриб кетди. Бола тан жароҳатлари оғирлиги сабабли шифохонада вафот этган.
Бухоро вилоятида 27 апрель куни содир бўлган кучли шамол натижасида кўрилган зарар 141,6 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Аҳоли турар жойлари ва ижтимоий соҳа объектларига етказилган зарарни бартараф этишда жами 32 530 нафар қурувчилар ва махсус техника жалб этилган. Вилоятда электр энергияси, табий газ ва ичимлик суви таъминоти тикланган.
Россияда оғир аҳволга тушиб қолган ўзбекистонлик ногиронлар, 2 ёшгача болали ва ҳомиладор аёллар, талабалар ҳамда COVID-19 беморларига бир марталик пул маблағлари тўлаб берилади. Ҳомийлар орасида Алишер Усмонов ҳам бор.
8 майдан бошланган чартер рейслари орқали хорижий мамлакатлардан 1200 нафардан зиёд Ўзбекистон фуқароси мамлакатга олиб келинди. Бошқа давлатлардан чартер рейсларни амалга ошириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда — янгиланган рўйхат.
Ўзбекистон Тожикистонга коронавирус пандемияси даврида беморларга ёрдам кўрсатиш учун Damas негизидаги тез ёрдам автомобиллари партиясини тақдим этди.
Бухоро вилоятида трактор тиркамаларининг ағдарилиб кетиши оқибатида вафот этган аёллар сони уч нафарга етди.
Фуқароларни идентификациялаш ID-картасига маълумотларни сақловчи электрон қурилма, чип ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда ID-карталар тўғрисидаги низом лойиҳасида келтирилган. Лойиҳага кўра, ID-карталар ҳужжатлар қабул қилинганидан сўнг уч иш кунида берилади.
Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида кучли ёғингарчилик сабабли сел келган. Унинг оқибатида 4 хонадон қисман зарар кўрган, 300 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг