Тошкентдаги 107 та мактабда таълим онлайн шаклга ўтказилди. Ҳозирги кунда Тошкент мактабларида 234 967 нафар ўқувчи анъанавий тарзда, 214 077 нафар ўқувчи масофадан туриб таълим олмоқда.
Наманган вилоятида «KIA BONGO III» русумли автомашина орқа томонга ҳаракатланган вақтида 2 ёшли болани босиб юборган. Бола воқеа жойида вафот этган.
Антимонополия қўмитаси пахта ёғи ва чигит нархини шаклланиши устидан назоратни кучайтирмоқда. Қўмита тадбиркорлар мавжуд вазиятдан фойдаланиб, уруғлар нархини асоссиз ошириб юбориши ёки бозорда унинг таъминотини сунъий равишда жиловлаши мумкин деб ҳисоблайди. Фонд биржасида битта харидор томонидан пахта ёғини сотиб олиш миқдори чекланди.
Бухоро халқаро аэропортида 20 йил давомида ишлаб келган Жахонгир Раҳимов Бухоро халқаро аэропорти директори этиб тайинланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон давлат идораларига мурожаат давлат тили — ўзбек тилида бўлиши кераклиги ҳақидаги таклиф мақулланмади. Депутат Дониёр Ғаниев давлат тили ўз номи билан давлатнинг фуқаролар билан расмий мулоқот тили бўлиши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, у давлат тили тўғрисидаги қонуннинг ижросини таъминлашнинг самарали механизмини ишлаб чиқиш кераклигини айтди.
Давлат тест маркази 2021 йил кириш имтиҳонлари учун тарих, математика, кимё, физик, биология, она тили, инглиз тили ва бошқа фанлардан намунавий тест саволларини эълон қилди. Барча тестлар.
Ўзбекистонда 27 апрелдан бошлаб ўрта мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим муассасалари ходимлари ҳамда сурункали касаллиги бор фуқароларни вакцинация қилиш жараёнлари бошланди.
27 апрель куни Ўзбекистонда 34 мингдан ортиқ киши COVID-19 га қарши эмланди. Жами мамлакат бўйича эмланганлар сони 600 минг нафардан ошди.
Президент Шавкат Мирзиёев фуқаролар ҳам Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақли эканлигини белгиловчи қонунни имзолади. Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда 9 нафар судьядан иборат қилиб қўйилди.
Наманганда «KIA» русумли автомобиль ҳайдовчиси йўлда кетаётган велосипедчини уриб юбориб воқеа жойидан кетиб қолган. Велосипедчи тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.
Наманган вилоятида ВАЗ-2106 русумли автомашина йўлни кесиб ўтаётган 6 ёшли пиёдани уриб юборган. Бола тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.
Талабалар орасида COVID-19 инфекцияси аниқлангани сабабли, Самарқанда битта ва Тошкентда учта олийгоҳлар масофавий таълим тизимига ўтди.
Наманган вилоятида шаръий турмушдаги хотинини мунтазам қийнаб, дўппослаб келган фуқарога нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Тиббий экспертизада жабрланувчининг танасида енгил тан жароҳатлари аниқланган. Ижтимоий тармоқларда эр хотинини арқон билан боғлаб, кетмон дастаси сингунча калтаклаганлиги айтилмоқда.
Тошкентлик йигит тезликни оширгани учун жаримага тортилганидан сўнг икки дўсти билан унинг қоидабузарлигини қайд этган радарни тош отди.
Нурафшонда содир бўлган ва бир кишининг ўлимига сабаб бўлган портлаш маиший эҳтиёжлар учун табиий газни ўғрилаш натижасида содир бўлган. «Ҳудудгазтаъминот» квартира эгаси газ қувурларини канализация сифони билан улаганини маълум қилди.
Нурмат Отабеков ҳозирги кунда коронавирусга қарши вакциналар фақат давлат буюртмаси асосида олиб келинаётгани, вакцинация фақатгина давлат тиббиёт муассасаларида олиб борилаётганини маълум қилди. Кейинчалик вакциналарга давлат буюртмаси шакллантирилаётганда хусусий сектор эҳтиёжини ҳам эътиборга олиш режалаштирилмоқда.
Январь-март ойларида Ўзбекистондан жами 4094 киши бошқа мамлакатларга доимий яшаш учун жўнаб кетган ва 578 киши Ўзбекистонга кўчиб келган. Кўчиб кетганларнинг энг катта қисми Қозоғистонга тўғри келади.
Санитария-эпидемиология хизмати «Спутник V» вакцинаси билан эмланиш пуллик эканлиги тўғрисидаги хабарларни рад этди.
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида Оқтунли қишлоғида яшовчи аёллар фарзандлари қўшни қишлоқдаги мактабга бориш учун қийналаётгани, улар Хўжаобод қишлоғидаги мактабга бориши учун Қарши-Самарқанд автомобиль йўлидан кесиб ўтишлари хавфли эканини билдириб, йўлни тўсиб, машиналар ҳаракатланишига қаршилик кўрсатишган.
Давлат солиқ қўмитаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев устидан судга даъво аризаси киритди. Бунга «Расул Кушербаевнинг Human.uz ахборот порталидаги „Сўз блогерларга“ кўрсатувида айтган ҳақоратомуз сўзлари» сабаб бўлган. Қўмита депутат ўзининг сўзларига раддия бериши ва кечирим сўраши лозимлигини айтган. Депутатнинг ҳатти-ҳаракатлари солиқ органларига 4,6 млрд сўм миқдорида зарар етказганлиги даъво қилинмоқда.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг