19 мартдан бошлаб Давлат хизматлари марказларида эски ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хизмати вақтинча тўхтатилди. Давлат хизматлари агентлиги буни техник ва профилактика чоралари билан изоҳлади. Бундан ташқари, эски гувоҳномаларни янгисига алмаштириш муддатини 2023 йил охиригача узайтириш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон Украинанинг мустақиллигини тан олишини айтган Абдулазиз Камилов, Қашқадарёда янги ташкил этилган Кўкдала тумани, дори воситаларини реклама қилиши тақиқланган машҳурлар ва шифокорлар, қийноқ қурбонларига етказилган зарарнинг қоплаб берилиши, асосий ставкани 17 фоизгача кўтарган Марказий банк ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 17 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзгидромет март ойидаги кучли ва давомий ёғингарчиликлар илгари кузатилмагани, жумладан, республиканинг тоғли ва тоғ олди ҳудудларида ёғингарчилик одатдагидан 2−3 марта кўп бўлганини маълум қилди. Ёғингарчиликлар 2−4 кунлик танаффуз билан ой охиригача давом этишини кутилмоқда.
Қашқадарёнинг Чироқчи тумани таркибида янги Кўкдала тумани ташкил этилди. Унга Чироқчидаги 420 минг нафар аҳолининг 176,3 минг нафари яшаётган 32 та маҳалла киритилади ва Еттитом шаҳарчаси туман маркази этиб белгиланди.
Япониядан Ўзбекистонга 201,6 минг доза AstraZeneca вакцинаси гуманитар ёрдам сифатида жўнатилди. Ҳозирда Ўзбекистонда 14,1 млн доза вакцина захираси мавжуд.
Президент фармонига асосан Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги таркибида департамент сифатида қайта ташкил этилади. Вазирликда бошқарув тузилмалари 666 тадан 222 тага, бир-бирини такрорловчи вазифалар 34 фоизга, функциялар 46 фоизга, ҳаражатлар эса 84,5 млрд сўмга қисқаради. Аввалроқ, вазир Русланбек Давлетов ДХА тизимидаги ходимлар сони қисқаришини эмас, аксинча ортишини айтганди.
Январь-февраль ойларида «Тез ёрдам» хизматига 31,3 мингга яқин асоссиз мурожаат келиб тушган, уларнинг 992 таси ёлғон чақириқлардир. Энг кўп ёлғон мурожаатлар Тошкент вилоятида қайд этилган.
Янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун билан машҳурлар, тиббиёт ходимлари ёки ташқи кўриниши шифокорларга ўхшаш шахсларнинг дори воситаларини реклама қилиши тақиқланмоқда. Шунингдек, рекламаларда болаларни хавфли ҳолатларда кўрсатиш, ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш ҳам ман қилинади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенатда Фуқаролик кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Унга кўра, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган зарарлар билан бирга, бой берилган фойда ва сарфланган харажатлар ҳам тўлаб берилиши назарда тутилмоқда.
Сенатининг навбатдаги мажлисида сенаторлар янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини маъқуллади. Мажлисда 1995 йилда қабул қилинган амалдаги кодекс таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги таъкидланди. Сенат раиси Танзила Нарбоева эса янги кодекс «инсон қадрига асосланган"ини айтди.
ДХХ пойтахтда таркибида рубин, сапфир ва бошқа минераллар бўлган, асл баҳоси 33 млн сўмлик тошни 220 000 долларга сотишга уринганликда гумон қилинган шахсларни қўлга олди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Нишон туманида 17 ёшли мактаб ўқувчиси фермер хўжалиги даласидаги дарахтга ўзини осиб қўйди. Қизнинг руҳиятида ўзгаришлар бўлганлиги айтилмоқда. Туман прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда.
Хорижда Ўзбекистон паспорти ва қайтиш сертификатини олиш бўйича тўловлар Марказий Осиё давлатлари орасида энг қиммати ҳисобланади. Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев нархларни асослаш ва пасайтириш юзасидан ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камиловга депутатлик сўрови киритди.
Ойбек Мирзабеков Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. У тайинловга қадар «Ўзсаноатэкспорт» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган.
Наврўз байрамини нишонлаш кунлари Тошкент автобуслари якшанба учун тасдиқланган жадвал асосида қатновни амалга оширади. 21 март куни эса иш вақтини бир соатга кечроқ тугатади.
АКТ вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда блокланган TikTok вице-президенти Тео Бертрам билан онлайн-учрашув ўтказди. Аввалроқ, TikTok, қолаверса, Twitter ва «ВКонтакте» тўсатдан очила бошлаганди, бироқ, орадан сал вақт ўтиб, киришда яна қийинчиликлар юзага келди.
Қозоғистон ва Тожикистон билан чегараларни очган Ўзбекистон, Сирдарёдаги сув тошқинлари, январь ойидаги блэкаут Ўзбекистондаги носозлик сабаб юзага келгани, такси ҳайдовчилари учун жорий қилинаётган яна бир мажбурий суғурта, талабаларнинг контракт тўлови муддати узайтирилгани, Андижонча тендер ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 16 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзбекистонда Twitter, TikTok ва «ВКонтакте» ижтимоий тармоқлари эркин очилишни бошлади. Шу билан бирга, улар кириш чекланган ижтимоий тармоқлар рўйхатидан чиқарилмаган. Ҳозирча расмий изоҳ берилмади. (Кейинроқ киришда қийинлаша бошлади.)
Олий ва профессионал таълим муассасалари талабаларига 2021−2022 ўқув йили учун контракт тўловини амалга ошириш муддати 1 апрелга қадар узайтирилди. Бунгача ушбу муддат 1 мартгача этиб белгиланганди.
14 март куни Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази ўз бўлимларини капитал таъмирлаш учун қиймати 621 млн сўм бўлган тендер ўтказди. Ушбу тендерда қатнашган икки корхона раҳбарлари ўзаро қариндош бўлиши мумкин. «Газета.uz» тендер иштирокчиларининг ўзаро боғлиқлигини ўрганиб чиқди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг