Ўзбекистонда Хитойнинг «Гуанжоу» клиникасининг Тошкент шаҳридаги ва бошқа вилоятлардаги филиалларида маҳаллий дориларни қайта қадоқлаб, қиммат нархга сотаётгани юзасидан текширув ўтказилмоқда. Клиника мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Чилонзор туманидаги Atlas савдо мажмуасида маиший техникаларга катта чегирма эълон қилингандан сўнг 18 мингга яқин фуқаролар мажмуа олдида тўпланган. Натижада тирбандлик ва тиқилинчлар юзага келган. Тиқилинчда бир нафар аёл хушидан кетган. Тошкент шаҳар ИИББ дўкон ёпилганлигини ва сотув бўлмаслигини маълум қилди.
Жиззахдаги селдан талофат кўрган уйлардан бирининг эгаси Исроил Алиев «Газета.uz»га сел қандай келгани ҳақида сўзлаб берди. «Уйдан эшикни очиб қарасам, олдимда 2 метр баландликдаги сув турганини кўрдим. Сув пасайгунча шундай жон сақлаб турдик», — деди у. Фавқулодда вазиятлар вазири хотини ва боласини қутқариб қолган Исроилни «қаҳрамон» деб атади. Исроил Алиевнинг сўзларига кўра, ҳокимият вакиллари уйсиз қолган аҳолига 3 хонали уй қуриб беришини айтган.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев қўмита ҳузуридаги Фискал институтга ректор бўлди.
ДХХ Россия ва Туркия орқали ўтиб Суриядаги террористик ташкилотга қўшилишни режалаштирганликда гумонланган қашқадарёлик фуқарони ушлади. У ижтимоий тармоқларга халқаро террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқим раҳнамоларининг маърузаларини жойлаб, қишлоғида ҳам тарғиб қилгани айтилмоқда.
Сомса-шўрва, товуқли дангаса хоним, сацебели қайласида тайёрланган мол гўшти, газ печида пиширилган картошка ва гўштли фрикаделкалар, қуритилган мевалар билан тайёрланган гўштли рулет, қийма билан тўлдирилган помидорлар — Zira.uz ифторлик учун ноодатий таомлар рецептлари рўйхатини тақдим этади.
Президент Поп ва Наманган йўлини реконструкция қилиш лойиҳаси билан танишди. Унда транспортлар қайрилиб олиши учун чорраҳа ва пиёдалар учун ер ости ўтиш жойларини қуриш режалаштирилган. Натижада, ўртача тезлик 40−60 км/с дан 90−100 км/с гача ошиши мумкин.
Афғонистондаги террорчилик ҳаракатларини қоралаган Ўзбекистон, «Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонасидаги 101 та сохта экспонат, Андижондаги боғчада уйқу вақтида вафот этган болакай, Қашқадарёдаги сув, ижтимоий соҳа ва ишсизлик муаммоларини гапирган президент, дам олиш кунларидаги ёмғир ҳамда ёғиши кутилаётган дўл ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 22 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Болалар омбудсмани Алия Юнусова 21 апрель куни ижтимоий тармоқларда видеоси тарқалган Тошкент шаҳридаги 21-меҳрибонлик уйида юз берган воқеага изоҳ берди. Ўрганишлар натижасида меҳрибонлик уйи маъмурияти болаларни психиатрия шифохонасига юбориб келганлиги, уларга нисбатан қўрқитиш ва нодўстона муносабатда бўлиб келингани аниқланди.
Қатарда бўлиб ўтадиган футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионати Ўзбекистонда МТРК томонидан намойиш қилинади. Компания ушбу мусобақанинг барча 64 та учрашувини ўз телеканалларида эфирга узатиш ҳуқуқини сотиб олган.
Фуқароларнинг никоҳини ФҲДЁга ариза берилганидан бир ой ўтиб расмийлаштириш тартибини бекор қилиш таклиф этилмоқда. Никоҳни тиббий кўрикдан сўнг қайд этиш мумкин.
Февраль ойида ҳукуматнинг ўзбек имо-ишора тилини шахслараро мулоқот воситаси сифатида ривожлантириш тўғрисидаги қарори жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унда яна ногиронликнинг ижтимоий модели эмас, тиббий жиҳатига эътибор қаратилган. Карлар ҳуқуқлари фаоли Маъмур Аҳлиддинов ва «Газета.uz» колумнисти Дилмурод Юсупов ҳужжатнинг хом эканлигини таъкидлаб, уни такомиллаштиришни таклиф қилишмоқда.
Президент Қашқадарё вилоятига сафари давомида вилоятнинг долзарб муаммоларига эътибор қаратди. Жорий йилда вилоятга ижтимоий соҳа ва инфратузилмани яхшилаш учун республика бюджетидан қўшимча 360 млрд сўм ажратилади. Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши, Шаҳрисабз ва Китоб туманларини сув билан таъминлаш учун «Аёқчисой» сел сув омбори қурилади. 9 мингдан зиёд аҳолининг газ таъминоти қайта тикланади. Ишсизликни камайтириш учун 270 та саноат лойиҳалари дастури шакллантирилади. 40 минг гектардан ортиқ ерлар қайта фойдаланишга киритилади.
24−25 апрель кунлари ёмғир ёғиши, баъзи ҳудудларда ёмғир кучайиши ва момақалдироқ бўлиши кутилмоқда. Айрим жойларда дўл ёғиши мумкин, шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучаяди. Шунингдек, Ўзгидромет республиканинг қарийб барча ҳудудларида сел-сув тошқинлари кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Президент Қашқадарёда 143 та кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилишини маълум қилди. Вилоят аҳолисига жорий йилда 730 млрд сўм имтиёзли ипотека кредитлари ҳамда эҳтиёжманд оилаларга 72 млрд сўм субсидия ажратилади. Шунингдек, 30 та қишлоқ ва маҳаллалар «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари билан қамраб олинади.
Олтинкўл туманидаги 31-мактабгача таълим ташкилотининг 4 ёшли тарбияланувчиси уйқу вақтида оламдан ўтди. У тарбиячи болаларни уйқудан уйғотган вақтида қайтиб ўрнидан турмаган. Ташкилот ҳамшираси болада ҳеч қандай касаллик аломатлари кузатилмаганини айтди.
Украинадан қайтган талабалар 26 апрелдан бошлаб ўқишларини Ўзбекистондаги университетларга соддалаштирилган тартибда кўчиришлари мумкин, бироқ истиснолар ҳам бор.
Адлия вазирлиги ва Ўзбекистондаги йирик савдо тармоқлари вакиллари озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш масаласини муҳокама қилмоқда. Шу мақсадда фудшеринг платформасини ишга тушириш режалаштирилган. Статистикага кўра, Тошкентда ҳар куни 2 тонна нон маҳсулотлари, республика бўйлаб йилига 3 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндига ташланади.
Шанба куни Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида қуруқ ва илиқ ҳаво давом этади, якшанба куни ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат бироз пасайиб, кундузи +25 даражадан ошмайди.
2021 йил ноябрь ойидан буён Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Муротжон Азимов вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг