Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болалар учун «Меҳрли мактаб» давлат таълим муассасаси ташкил этилди. Муассасада 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун мактабгача таълим ҳамда 1−11-синфлар учун умумий ўрта таълим берилади.
ХТВ мактаблар, мактаб-интернатлари ва Меҳрибонлик уйларида овқатланишни аутсорсингга топшириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқди. Аутсорсинг компаниялари фойдаланадиган мактаб ўқувчиларининг кунлик рационал овқатланиш нормалари ССВ томонидан тасдиқланади.
Кучли ёмғир туфайли сув остида қолган Тошкент кўчалари, пойтахт аэропортида багаж бўлинмаси ишини эфирга узатиш бошлангани, Спортчи Элбек Раҳимовнинг ўлими бўйича ўқилган суд ҳукми, Осиё ва Параосиё ўйинлари ғолибларига бериладиган мукофот, маданий мерос объектига айлантириладиган Чорсудаги 7 гумбаз ва бошқалар — 5 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Қаршида спортчи Элбек Раҳимовнинг ўлими билан боғлиқ жиноят иши бўйича суд ҳукми ўқилди. 26 нафар айбланувчи орасида уч нафар вояга етмаган бола ва уч нафар ички ишлар органлари ходими ҳам бор. Улардан 19 нафари 3 йилдан 20 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилди. Айбланувчилар моддий ва маънавий зарарни ҳам қоплашлари шарт.
«Тошкент» халқаро аэропортига етиб келган йўловчилар ўз юкларини энди камералар орқали кузатишлари мумкин. Бу юкчиларни интизомга чақириши ва кутиш вақтини қисқартиришга хизмат қилиши керак. Илгари йўловчилар чамадонларнинг шикастлангани ҳақида кўп шикоят қилишарди.
Маданий мерос агентлиги Чорсу бозоридаги марказий гумбазга ҳамоҳанг тарзда қурилган 7 та кичик гумбаз давлат муҳофазасига олинганини маълум қилди. Агентлик раҳбарининг биринчи ўринбосари Турсунали Кузиевнинг сўзларига кўра, гумбазлар Тошкентнинг юзи ҳисобланади. Илмий эксперт кенгаши аъзоси Зафар Ҳакимовнинг фикрича, Эски-Жува маконини археологик ёдгорлик сифатида сақлаб қолиш керак. Агентлик Чорсу бозорини Эски шаҳарнинг тарихий ҳудуди сифатида рўйхатга олишни режалаштираяпти.
Tashkent Сity`даги Nest One осмонўпар биноси қурилиш майдончасида содир бўлган ёнғин ўчирилди, жабрланганлар йўқ.
Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб бўлган спортчилар, уларни тайёрлаган мураббийлар ва бошқа мутахассислар қўшимча равишда пул мукофотлари билан рағбатлантирилади.
Андижонга Хитойдан кондиционер ва кузатув камерали 14 та янги автобус келтирилди. Улар 70 йўловчини ташиш имконига эга.
Ҳукумат қарори билан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш тартиби белгиланди. Унга кўра, имтиҳонлар аниқ ва табиий фанлар, инглиз тили ҳамда мантиқий фикрлаш бўйича ўтказилади.
«Юксалиш» ҳаракати Ўзбекистонда 9 май санасини сиёсий тус бермасдан, вазмин ҳамда жамият қадриятларидан келиб чиққан ҳолда нишонлашни сўради. Ҳаракат ушбу сана жамият учун тинчликнинг қадрига етиш куни сифатида қадриятга айланиб қолганини эслатиб ўтди.
Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги ШҲТ саммитига раислиги доирасида 19−20 май кунлари Тошкентда ташкилотга аъзо давлатларнинг туризм соҳаси мутасаддилари иштирокида туристик форум бўлиб ўтади.
Қибрай туманида икки компания суғориладиган иккита ер майдонида ноқонуний қурилиш ишлари олиб борди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, етказилган зарар 1,8 млрд сўмдан ортиқ деб баҳоланди.
Чирчиқда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган «Дог биатлон» мусобақаси бошланди. Унда Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, ДХХ Чегара қўшинлари, Миллий гвардия ва Давлат божхона қўмитасининг отрядлари ўз хизмат итлари билан қатнашмоқда.
Чоршанба куни кечқурун кучли ёмғир туфайли Тошкент шимоли-шарқида кўча ва ҳовлиларни сув босди. Маълум қилинишича, пойтахт ҳокими ва бошқа мутасаддилар тошқин оқибатларини бартараф этиш ишларини кузатган.
Пойтахтнинг Чилонзор туманида корхона раҳбари фуқарони 4 минг доллар эвазига Швеция давлатига ишга юборишни ваъда қилиб, ундан сўралган сумманинг 2 мингини олган вақтида ушланди.
Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилган маҳаллий туристлар учун кешбэк Туризм вазирлигининг электрон платформаси орқали тўлаб берилади. Бунда туристлардан сафар давомида авиа, темир йўл ёки автомобиль транспорти ва турар жой хизматларидан фойдаланиш, қолаверса, маданият ташкилотларига ташриф буюриш талаб этилади.
Чоршанба куни Қамчиқ довонида кузатилган сел оқибатида тоғ ўпирилиб тушди. Бунинг оқибатида 5 май кунига мўлжалланган Тошкент-Андижон-Тошкент йўналишидаги поезд ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Фарғона ва Наманганга қўшимча авиарейслар йўлга қўйилди.
7 май, шанба ҳафтасига неча кун ишлашидан қатъий назар барча ходимлар учун иш куни ҳисобланади. 14 май эса дам олиш куни сифатида белгиланди. Қолаверса, ўзбекистонликлар 8−9 май кунлари кетма-кет икки кун дам олади.
Май-июль ойларида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида фуқаролар муаммолари билан ишлаш учун сайёр қабуллар ташкил этилади. 20 дан ортиқ вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этадиган қабуллар Фарғона вилоятидан бошланади. Қабул кунлари ва манзиллар.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг