Ўзбекистонда Mastercard`нинг ваколатхонаси очилиши, Нукус воқеалари бўйича апелляция суди, туман бош имомлигидан бўшатилган «shukurullohdomla», қўлга олинган Hello Tashkent, salam Tashkent гуруҳи админлари, метрода ёш қизга шилқимлик қилган 24 ёшли йигит ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
18 май — Халқаро музейлар куни муносабати билан Ўзбекистон давлат музейлари ташриф буюрувчиларни бепул қабул қилади. Давлат санъат музейида Баҳодир Жалолнинг «Мангуликдаги чизиқ» кўргазмаси очилади ва рассом билан учрашув ўтказилади, Миниатюра музейида хаттотлик бўйича маҳорат сабоқлари ўтказилади.
12 май куни Тошкент шаҳрида метро вагони ичида ёш қизга шаҳвоний шилқимлик қилган йигитга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Унинг аввал ҳам маъмурий жавобгарликка тортилгани сабаб жазо енгиллаштирилмади. Йигит 5 суткага қамалди.
Нукус воқеалари бўйича апелляцияни кўриб чиқаётган суд Даулетмурат Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров илтимосига кўра экспертларни сўроққа таклиф қилди. Ҳимоячи уларнинг жавобларига қўшилмаслигини айтди. У судда қўйилган 1−2 июль воқеаларига оид видеони «журналистлик ҳиссиётли хабар» деб атади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошлоқ тумани бош имоми Шукрулло Эгамбердиевни лавозимидан озод қилди. Идоранинг «Газета.uz»га маълум қилишича, бунга унинг сўнгги 6 ой давомида аҳолининг норозилигига учраган видеолари сабаб бўлган.
Энди Uzum фойдаланувчилари ўзларининг севимли муассасаларидан таом буюртма қилиш имкониятига эга. Тез орада дўконлардан озиқ-овқат маҳсулотларига буюртма бериш ҳам мумкин бўлади.
Ўзбекистонда эркаклар ва аёллар ўртасида велоспортнинг шоссе тури бўйича «Oqtosh-Chorvoq Mountain» кўп кунлик мусобақаси ўтказилди. Унда қатнашган миллий терма жамоа Халқаро велосипедчилар иттифоқи рейтингида бир неча поғонага кўтарилди.
ИИВ Киберхавфсизлик маркази Telegram`да хотин-қизларнинг беҳаё суратларини тарқатишда гумонланган фуқароларни қўлга олди. Улар тасвирларни кўриш ёки ўчиртириш учун пул талаб қилган. Вазирлик ушбу ҳолатдан жабрланганлардан 102 рақамига хабар беришларини сўради.
Бола тарбияси нозик масала — гўёки бир умрлик имтиҳон. Мусофирчиликда, бегона муҳит ва ўзга маданият ичида фарзанд тарбиялаш эса икки карра машаққат. «Газета.uz» кўп йиллардан бери хорижда яшаб, болаларини ҳаётга тайёрлаётган ўзбекистонлик ота-оналар тажрибасини жамлади.
Наманган шаҳридаги истироҳат боғида 12 ёшли бола аттракционда айланган вақтида бошидан жароҳат олиб вафот этди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Тарқалган видеоларга кўра, воқеа 30 га яқин ўқувчи мактаб жамоаси билан айланишга чиққанда содир бўлган.
Жиззах вилояти прокуратураси бўлим прокурори жиноят иши қўзғатишни рад этганини иддао қилиб, «хизмати» учун тадбиркордан 1300 доллар сўраганликда гумонланмоқда, у пулларни олган вақтида ушланди. Шунингдек, ДХХ Андижон вилоятида ҳам пора олганликда гумонланаётган мансабдорларни қўлга олди.
Ўзбекистонда 2023 йилнинг ўтган даврида 107 нафар фуқаро овқатдан заҳарланган (22 нафари болалар), 2 бемор вафот этган. Заҳарланишлар энг кўп уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида келиб чиққан.
Журналистика соҳасидаги «Олтин қалам» XVII Миллий мукофоти учун ғолиб ва совриндорлар тақдирланди. Бош миллий мукофот ғолиби — ЎзМУнинг Журналистика факультети жамоасига Gentra автомобили топширилди.
Тармоқларда Шайхонтоҳур туманида фуқаронинг ИИО ходимлари билан жанжаллашаётгани акс этган видео тарқалди. Пойтахт ИИББнинг маълум қилишича, фуқаронинг машинаси жарима майдончасига жойлаштирилган. Бироқ ҳужжатлаштириш жараёнида у ИИО ходимларининг талабларини бажармай, қаршилик кўрсатган.
15 майдан Тошкентдаги Амир Темур кўчасининг бир қисми номаълум муддатга ёпилди. Бу вақтда кўча бўйлаб янги электр тармоғини қуриш ишлари олиб борилади.
Тадбиркорларга алоҳида имтиёзлар дастури, ёпиқ эшиклар ортида кўриладиган 12 ёшли қизнинг ўлдирилишига оид суд иши, ОТМларга кириш имтиҳонлари яна ёпиқ биноларда ўтказилиши, 2 ўқувчини уриб юборган 19 ёшли Damas ҳайдовчиси, ҳафта ўртасида ёмғир ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Тармоқларда Тошкентда бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатидаги оммавий тартибсизликлар ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон ИИВ 13 май куни ташкилотчилар чарм бокс қўлқопларини текинга тарқатгани, мухлислар эса бир-бирларига навбат бермасдан тартибсиз ҳаракат қилганини билдирди.
Тошкентнинг Чилонзор туманида номинал қиймати 200 минг сўм бўлган қалбаки банкноталар тайёрлаган шахс қўлга олинди. У шундай қалбаки банкнотларнинг ҳар бирини 60 минг сўмдан сотган.
Апрель ойида Қорақалпоғистонда ўқувчиларга бепул бериладиган егуликлар ичидан таблетка чиққани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Қорақалпоғистон прокуратураси бу каби хабарлар кейтеринг фирмаларининг рақобатчилари томонидан қасддан тарқатилганини маълум қилди.
ДХХ ўтказган тезкор тадбирларда Наманган, Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ер майдонларининг ноқонуний сотилиши билан шуғулланган мансабдор шахслар қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят ишлари очилди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг