ДХХ Тошкент вилоятида 4 гектар ерни 800 минг долларга сотишга уриниб, олдиндан 100 минг долларни олганликда гумон қилинган икки фуқарони ушлади. Наманган ва Бухоро вилоятларида Косонсой ва Қоракўл давлат ўрмон хўжалиги ходимлари хўжаликка қарашли ерни фуқароларга ажратиб бермоқчи бўлганлиги айтилмоқда.
Ўзбекистон фуқароларини Польша орқали Украинадан эвакуация қилиш жараёни ниҳоясига етди. Польшадан жами 25 авиарейс воситасида 5786 нафар фуқаро ватанга олиб келинди. «Бошқа давлатлар орасида Ўзбекистон Украинадан ўз фуқароларини биринчи бўлиб эвакуация қилди», — деди Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Баҳром Бобоев.
Байрамона ош, кўк сомса, мол гўштидан антиқа таом, стейкли салат, асалли қуш тили, жем ва безели пирог рецептлари — Zira.uz Наврўз байрами дастурхони учун олдиндан пухта тайёргарлик кўришни тавсия этади.
Яшнобод туманидаги «Orient Logistics Center» корхонасининг мотор мойи маҳсулотлари омборида ёнғин чиқди. Ёнғин оқибатида бинонинг 2000 кв. метр майдонидаги мой маҳсулотлари зарарланган. Жабрланганлар йўқ.
Конституцияга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилган Шавкат Мирзиёев, 2025 йилгача ҚҚС ва божхона божидан озод қилинган импорт тиббий жиҳозлар, иш вақти соат 20:00 гача узайтирилган поликлиникалар, Оҳангаронда 20 минг доллар пора олаётганда ушланган ҳокимлик ходими, айрим шифокорларга белгиланадиган 100 фоизгача ойлик устама, Самарқанд аэропорти очилгани, Наврўзда қор ёғиши ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 18 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Жума куни Самарқанд халқаро аэропортининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мажмуа соатига 800 йўловчига хизмат кўрсата олади ва «Очиқ осмон» режимида ишлайди. 2022 йилда аэропортдан Москва, Санкт-Петербург, Истанбул, Олмаотага, 2023 йилдан бошқа шаҳарларга парвозларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Наврўз байрами куни республиканинг тўртта ҳудудидан ташқари бошқа жойларда ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси кучсиз совуқ сақланиб туради. Кундуз куни ҳарорат бироз кўтарилади. 23 мартда Ўзбекистон ҳудудига Волга бўйи ҳудудларидан яна нам ва совуқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан учрашувда оилавий шифокор пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда кундузги стационар иш вақти соат 20:00 гача узайтирилишини маълум қилди. Уларда ишлайдиган шифокор ва ҳамширалар иш ҳақига қўшимча устама тўланади.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳокимлиги ходими фуқарога аукцион савдосида 500 гектарлик яйловни 35 минг долларга эвазига олиб беришни ваъда қилиб, пулнинг 20 минг долларини олаётганда ушланди.
Республикада кузатилаётган совуқ ва нам об-ҳаво сабабли водий вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари фаолияти соат 18.00 дан вақтинча тўхтатилади.
Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова болаларни эксплуатация қилишни замонавий қуллик ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик деб баҳолади. Омбудсман фуқароларни йўлларда тиланчилик қилаётган болаларга пул бермасликка чақирди.
ОТМни тугатган ёки ўқишини кўчирган талабаларнинг айланма варақани тўлдириш амалиёти бекор қилинди. Эндиликда бу жараён онлайн тарзда амалга оширилади.
Президент хориж тажрибаси асосида клиникаларни эмас, шифокорларни лицензиялаш тизимига босқичма-босқич ўтиш кераклигини таъкидлади. «Бу тизим йўлга қўйилса, тиббиёт ходимларини малака оширишга мажбурий юбориш талаб этилмайди», — деди у. Қолаверса, ягона тиббий маълумотлар базаси «электрон соғлиқни сақлаш» тизими яратилади.
Блогер Асал Ходжаеванинг (Asalhoney) жасади Тошкентдаги уйида қотиллик аломатлари билан топилди. Прокуратура ҳодисани тергов қилмоқда.
Тиббиёт олийгоҳларининг магистратура босқичида ва бакалавриатнинг 5−6-курсларида ўқиётган талабаларга бирламчи ва тез ёрдам тизимида шифокор бўлиб ишлашга рухсат берилади. Президентнинг сўзларига кўра, бу орқали йилига 7 мингга яқин талаба таълимни амалиёт билан бирга олиб бориш имконига эга бўлади.
Республика бўйича мевали боғ ва токзорлар, эртаки картошка ва сабзавот экинларини совуқ уришидан асраш бўйича тезкор гуруҳлар тузилди. Улар соҳа олимлари билан биргаликда аграрчилар учун тавсиялар ишлаб чиқади.
2022−2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча «Дамас» ва бошқа эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади. Жумладан, реанимация машиналари ҳам олиб келинади. Бунинг учун 65 млн доллар жалб қилинади.
Шавкат Мирзиёев пенсияга чиққан шифокорларга уйида оилавий шифохона очишга рухсат берилишини маълум қилди. Бу дастлаб Сирдарёда, босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилади. Бунинг учун алоҳида клиника очиш талаб этилмайди, шифокор ўз уйи ёки ижарага олган биносида тиббий хизмат кўрсатади.
Тошкентнинг Учтепа туманида дарахт қулаши натижасида 6 та машинага шикаст етди. Ҳозирда вазият оқибатлари бартараф этилмоқда.
1 апрелдан Нукусдан Қозоғистоннинг Бейнеу шаҳрига (Манғистау вилояти маркази) йўловчи поезд ҳаракати тикланмоқда. Поездлар ҳафтасига уч маротаба ҳар иккала томондан ҳаракатланади. Бошқа қўшни давлатлар билан темир йўл йўналишларининг қайта тикланиши томонларнинг келишувига асосан босқичма-босқич очилиши кутилмоқда.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг