Масс-медиани қўллаб-қувватлаш жамғармаси раҳбари Комил Алламжонов БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет билан учрашувда ОАВ эркинлигини таъминлаш учун халқаро ташкилотларнинг кўмаги зарурлигини таъкидлади. У БМТ бошқармаси билан ҳамкорлик матбуотни ривожлантириш ва «аҳолини агрессив ва шафқатсиз хорижий ташвиқотдан» ҳимоя қилиш учун муҳим деб атади.
Ўзгидромет 27 апрель куни кучли ёғингарчилик туфайли Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида сел келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Жиззах вилояти Эгизбулоқ маҳалласига келган сел 70 дан ортиқ қабрни оқизиб кетган. СЭС ходимлари аҳоли орасида турли касалликлар тарқалишининг олдини олиш учун сув ва тупроқ намуналарини олишди ҳамда аҳолига дори ва антисептик воситалари тарқатди.
Рамазон хайитида 5 кун дам оладиган ўзбекистонликлар, Антикоррупция агентлиги деворига коррупцияга атаб чизиб кетилган граффити, ўзини ҳақиқий андижонлик деб билганларни ҳар куни Андижон полкасига рақсга тушишга чақирган ҳоким, туризм бўйича ҳоким ўринбосарларига синов муддати берган президент ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 26 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
1 сентябрдан Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлар учун авиа, темир йўл ва автобус чипталарини харид қилиш, меҳмонхона харажатлари, музейлар ва бошқа маданият масканларига ташриф буюриш учун кешбэк тизими жорий этилади. Шунингдек, 1 июлдан «Зиёрат туризми» дастури доирасида хорижий авиакомпанияларга кўрсатиладиган хизматларга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинади.
Президент келгуси ҳафтада Рамазон ҳайити муносабати билан ҳам аҳолига 5 кунлик дам олиш берилишини айтди. Унинг айтишича, Наврўз байрамидаги дам олиш кунларида Бухоро ва Самарқандга қўшимча 110 минг маҳаллий туристлар борган. 2022 йилдан давлат ташкилоти ходимларига йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш харажатларининг 20 фоизини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қоплаш амалиёти йўлга қўйилади.
Президент раислигидаги туризм соҳасини янада ривожлантириш бўйича видеоселекторда «Андижон полкаси» рақсини ЮНЕСКО номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш бўйича таклиф берилди. Давлат раҳбари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади.
Давлат божхона қўмитасида Божхона ҳудудида/ташқарисида қайта ишлаш божхона режимини такомиллаштириш бўйича бошқарма ташкил этилди. Шунингдек, божхона ҳудудида қайта ишлаш режими соддалаштирилади.
Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Равшан Ибрагимов Эгизбулоқдаги селга аввалига дўл, унинг ортидан кучли ёмғир ёғгани сабаб бўлганини маълум қилди. Маҳаллий аҳоли эса тоғда «Huaxin» цемент заводи карьер учун йўл қурган ва сой йўлида дамба ҳосил қилган деган фикрда. «Газета.uz» ушбу масала юзасидан суриштирув олиб борди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари бўлиб ишлаб келган Отабек Чориев Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
Uzbekistan Airways Бухородан Истанбулга мунтазам авиақатновларни йўлга қўяди. Парвозлар ҳафтада икки марта амалга оширилади.
Фарғона вилоятининг Фурқат туманида фуқаро ўз томорқасида 55 туп кўкнори етиштираётгани аниқланди. Бу апрель ойида ушбу туманда аниқланган иккинчи ҳолат.
Шуҳрат Абдураҳмонов вилоятда «Андижон полкаси» ойлигини эълон қилиб, ташкилот ва идоралар раҳбарлари, ўзини ҳақиқий андижонлик деб билган барчани бутун жамоаси, ҳамкасблари билан ҳар куни Андижон полкаси рақсига тушишга чақирди.
Ҳисоб палатаси 133 та вазирлик ва идоралар томонидан бюджет жараёнининг очиқлигини таъминловчи маълумотларни веб-сайтларга жойлаштирилганини ўрганди. Якунда 2021 йилнинг III чорагида 91 та, IV чоракда 54 та ташкилот очиқ маълумотларни умуман жойлаштирмагани аниқланди. Илк бор 2 та ташкилот раҳбари суд қарори билан маъмурия жавобгарликка тортилди.
Рассом Inkuzart Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳовлисининг ташқи деворига «Коррупция» мавзусидаги граффитини чизди. Агентлик директори Акмал Бурхонов арт-объектни қўллаб-қувватлаб, уни «муросасиз креатив ёндашув» деб атади ва аҳолини коррупцияга қарши фаол курашишга чақирди.
Самарқанддаги меҳмонхонада 4892 дона «Репаген» кучли таъсир қилувчи дори воситасини $7500 ва 4,5 млн сўмга сотишда гумон қилинган шахслар ушланди.
Президент қарори билан туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида болалар анестезиология-реанимация бўлимлари ҳамда кечаю кундуз шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи педиатрия постлари жорий этилади. Шунингдек, 1 майдан поликлиникаларда болалар бўлимлари иш бошлайди.
Нишон туман Халқ таълими бўлими бош мутахассиси тадбиркордан мактабнинг эски биносини бузиш ҳуқуқи учун 5400 доллар пора талаб қилгани айтилмоқда. У пулларни олган вақтида ушланган.
1966 йил 26 апрель куни эрта тонгда Тошкент даҳшатдан ларзага тушди. Тахминан 8 баллик зилзила бутун кўча ва мавзеларни ер билан яксон қилди. Вайрон бўлган пойтахтни қайта тиклаш учун Ўзбекистон вилоятлари ва бутун Совет иттифоқи қурувчилари Тошкентга ошиқдилар. Шаҳарнинг турли қисмларида «Бутуниттифоқ ҳашари» усулида қурилган уйлар бугунги кунгача сақланиб қолган. Айримларининг ён ва олд томонлари эсдалик ёзувлар билан безатилган. "Газета.uz" 1966−1970-йиллардаги биноларнинг шаҳар архитектураси ва аҳоли маданияти учун қандай аҳамияти ва қиймати борлигини таҳлил қилди.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти Россиядан пул ўтказмалари қисқариши фонида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун янги йўналишларни баҳолади. Польша, Болгария, Литва, Чехия ҳамда бошқа Европа ва Осиё давлатлари миграцияни ривожлантириш учун жозибадор йўналишлар деб номланди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг