Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси билан Сирдарё вилоятида 1500 мегаватт қувватли буғ-газ электр станциясини тармоққа улаш ҳамда Тошкент вилоятида «яшил водород»ни «пилот» тарзда ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш лойиҳаларига старт берилди.
Саудия Арабистони инвестициялар вазири Ҳолид ал-Фалиҳ бошчилигидаги делегация ташрифи доирасида икки давлат ўртасида 12 млрд долларлик келишувлар имзоланди. Шунингдек, яна 11 млрд долларлик лойиҳа ва дастурларни илгари суришга келишилди. Шавкат Мирзиёев вазирни «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.
Ўзбекистонда октябрь ойи якуни бўйича барча автотранспорт воситаларининг сотуви 24 фоизга ўсиб, 183 мингтани ташкил этди ва ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан 62 фоизга кўпайди. Ой давомида қарийб 40 мингта янги маҳаллий автомобиль сотилди, электромобиллар сотуви эса 26 фоизга камайди.
Президент билан учрашувдан сўнг «Ўзтрансгаз», «Ҳудудгазтаъминот», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзэнергоинспекция» ва бошқа корхоналар раҳбарларининг қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳисоботлари тингланди. Улар энергия тизими «ҳар қандай об-ҳаво инжиқлиги ва аномал совуққа тайёр»лигини маълум қилди.
Президент БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури саммитида сўзлаб, 2024 йилда «яшил» иқтисодиёт, инновациялар, логистика, муқобил энергетика, «ақлли» қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун СПЕКАнинг Мақсадли жамғармасини тузишни қўллаб-қувватлади.
Украина Ўзбекистоннинг «Оҳангаронцемент» заводи ва унинг эгаси Akkermann Cement CA компаниясини, шунингдек, Алишер Усмоновнинг жияни Насиба Нарзиева ва унинг турмуш ўртоғи Шоҳрух Носирхўжаевларни санкциялар рўйхатига киритди.
Бюджетдан «Яшил макон» лойиҳасига ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи «Очиқ бюджет» портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган «Менинг боғим» лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади. Бунда «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»ни ташкил қилиш режалаштирилган.
Қонунчилик палатасида энергетика вазири депутатнинг Тошкентда кўп қаватли уйлар қурилишининг ошиши энергетика тармоғига қандай таъсир қилаётгани ҳақидаги саволига жавоб берди. Унинг айтишича, ҳозирда янги техник шартлар жорий қилинган, аввалгидек ягона дарча орқали рухсатнома олиш тақиқланган.
Октябрь ойида аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари бироз ошиб, мос равишда 13,7 ва 14,4 фоизни ташкил этди. Марказий банкнинг бу ойдаги инфографикаси ҳудудлар, даромадлар ва тадбиркорлик фаолияти кесимидаги маълумотларсиз эълон қилинди.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россиянинг бензин экспортига қўйган тақиқи Ўзбекистонда ёқилғи билан боғлиқ вазиятга таъсир қилганини айтди. Ҳукуматлараро келишув имзолангандан сўнг Ўзбекистонга ноябрь ойида Россия бензини келди. Жами 371 минг тонна бензин импорт қилиниши режалаштирилган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистонда октябрь ойида кўчмас мулк савдоси 10 фоизга камайганини маълум қилди. Мамлакатда кўчмас мулк билан боғлиқ битимларнинг 51 фоиздан ортиғи Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона ва Самарқанд вилоятларига тўғри келмоқда.
Биржада Бухоро НҚИЗда ишлаб чиқариладиган Аи-80 бензинининг максимал харид ҳажмини кунига 4 тоннагача пасайтирди, деб ёзади Spot. Бу ёқилғи қуйиш шохобчалари ва брокерлар сўраган айни чегарадир. Шу билан бирга, истисно тариқасида, бошқа ишлаб чиқарувчиларга 10 тоннадан сотишга рухсат берилади.
Тошкент ерусти метро линияси остидаги бўш ҳудудларда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш бинолари қурилади. Ҳокимлик бу бўйича лойиҳа ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Тошкентдаги ўртача таъмирланган бир хонали уйлар ижараси ўрта ҳисобда 348, икки хонали уйлар учун 437, уч хонали уйлар учун 526 долларни ташкил этмоқда, дея қайд этди МҲТИ мутахассислари. Октябрда барча турдаги хонадонларнинг ижара нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан арзонлаган.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов президентга берган ахборотида энергетика тизими 1 декабрдан 24 соатлик иш тартибига ўтишини маълум қилди. Қайд этилишича, аҳоли ва корхоналарни табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида қўшимча 5 миллиард куб метр кафолатли газ манбалари ҳал қилинган.
Ўзбекистонда кўчмас мулкнинг шартли кадастр қиймати 350 млрд долларни ташкил қилиши мумкин, деди президент. У аэросуратлар ва ер кадастрини рўйхатдан ўтказиш бўйича ишларни жадаллаштириш топшириғини берди. Агар кадастрсиз ерлардан оқилона фойдаланилмаса, улар ҳокимликлар захирасига қайтарилади.
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов сўнгги йилларда иқтисодиёт юқори бюджет тақчиллиги шароитидаги ҳаётга мослашгани ва бу «оғирликни пул-кредит сиёсатига юклаётганини» таъкидлади. У фискал консолидация зарурати ва монетар сиёсатнинг «кўтарилган овози» ҳақида гапирди.
Пойтахтнинг Чилонзор туманида Chilonzor Сity турар жой мажмуаси ва «Бунёдкор» стадионининг 5,5 гектарли автотураргоҳи ўрнида Smart siti мажмуасини қуриш таклиф қилинмоқда. Бу туман аҳолисини камбағалликдан чиқаришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Жаҳон банки гуруҳи ҳисоботида Ўзбекистон иқтисодиётини карбонсизлантириш бўйича чора-тадбирлар мамлакатга тараққиёт мақсадларига эришиш ва фуқаролар фаровонлигини оширишга ёрдам бериши қайд этилди. Ҳисоботда буни амалга ошириш учун бир қанча тавсиялар бериб ўтилган.
Президент халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга оширишда барча соҳалар ҳам натижадорликка эриша олмаётганини таъкидлади. Хусусан, Қишлоқ хўжалиги, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятидаги лойиҳаларда сусткашликка йўл қўйилаётганини танқид қилди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг