Тошкент вилоятида ўзбек-қозоқ чегарасида жойлашган «Ғишткўприк» (Черняевка) чегара божхона пости 5 февралдан бошлаб 4 ойга ёпилади, дея хабар бермоқда Божхона қўмитаси.
Қайд этилишича, чеклов мазкур постдаги катта қурилиш ва реконструкция ишларини мантиқий ниҳоясига етказиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Хусусан, постда вақтинчалик биноларни демонтаж қилиш, ҳудудни ободонлаштириш, постга туташ ҳудудда зарур инфратузилмани ташкил этиш назарда тутилган.
«Ғишткўприк» чегара пости орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракати 5 февраль кунидан «Навоий» чегара божхона постига йўналтирилади. У Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган бўлиб, «Ғишткўприк» постига яқин ҳудуд ҳисобланади.
Жисмоний шахслар, енгил автомобиллар ва автобуслар ҳаракати учун қулай бўлишини таъминлаш мақсадида «Навоий» чегара божхона постида юк автотранспорт воситалари ҳаракати чекланади.
Эслатиб ўтамиз, «Ғишткўприк — Жибек жоли» назорат-ўтказиш пунктини модернизация қилиш ишлари пост ўз ишини давом эттирган ҳолда 2022 йилда бошланганди. Лойиҳага кўра, унинг ҳудуди 1,5 гектарга кенгайтирилади, бу эса унинг ўтказувчанлик қобилиятини 350 автотранспортдан 1000 автотранспортгача ҳамда 30 минг кишидан 50 минг кишигача ошириш имконини беради.
Маълумот ўрнида, Қорақалпоғистон ва Қозоғистон ўртасидаги «Тажен» — «Довут ота» чегара ўтказиш пунктларида ҳам ҳаракатланиш 1 февралдан уч ойга тўхтатилганди.