«Ҳайят Таҳрир аш-Шом» гуруҳи етакчиси, мамлакатнинг амалдаги раҳбари Аҳмад ал-Шараа (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний номи билан танилган) ўтиш даври учун Сурия президенти деб эълон қилинди. Бу ҳақда SANA ахборот агентлиги ёзмоқда.
Ал-Шараа, шунингдек, мамлакатнинг янги Конституцияси қабул қилингунга қадар амал қиладиган вақтинчалик қонунчилик кенгашини шакллантириш билан шуғулланади.
Бундан ташқари, Суриянинг янги ҳукумати армия ва хавфсизлик хизматларини тарқатиб юборди — уларнинг ўрнига фуқаролар хавфсизлигини таъминлайдиган янги тузилма пайдо бўлади. Шунингдек, 1963 йилда Сурияда ҳокимиятга келган Араб социалистик уйғониш партияси тарқатиб юборилгани эълон қилинди. 2000 йилдан буён унинг бош котиби Башар Асад эди.
Бир вақтлар «Ал-Қоида»га аъзо бўлган Шараа миллий конференция, инклюзив ҳукумат ва якуний сайловларни ўз ичига олган сиёсий ўтишни бошлашга ваъда берди, унинг сўзларига кўра, бу тўрт йилгача давом этиши мумкин, деб таъкидлайди Reuters.
- 2024 йил декабрь ойи бошида Сурия президенти Башар Асад ҳукумат кучларига мухолифатда бўлганлар Сурия пойтахти Дамашққа бостириб кириб, президент режимини ағдарганини эълон қилганди. Асад мамлакатни 24 йил, оиласи эса 1971 йилдан буён бошқарган. У мамлакатдан қочиб, оиласи аъзолари билан Россияда бошпана топган.
- BBC нашрига берган интервьюсида Аҳмад ал-Шараа Сурия ўз қўшнилари ёки Ғарб учун хавф туғдирмаслигини айтганди. У урушдан тинкаси қуриган мамлакатга қарши санкцияларни бекор қилишга чақирган ва Сурия навбатдаги Афғонистонга айланиши мумкинлиги эҳтимолини рад этган.