Ўзбекистонда Халқаро автомобиль транспорти соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича минтақавий ўқув маркази ташкил этилади. Бу «Ўзбекистон транспорт-логистика тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» президент қарорида белгиланган.
Марказ Транспорт вазирлиги ва Ўзбекистон халқаро автомобилда ташувчилар уюшмасининг Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи билан ҳамкорликда юқори малакали ва тажрибали хорижий ўқитувчи ва инструкторларни жалб этган ҳолда ташкил этилади.
Қуйидагилар ўқув маркази фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
- Ўзбекистон Республикаси халқаро автомобиль транспорти соҳасида иштирок этаётган кўп томонлама халқаро конвенция ва битимларга мувофиқ менежерлар ва профессионал ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;
- халқаро автомобиль транспорти соҳасида кадрлар тайёрловчи таълим муассасалари, шу жумладан, Марказий Осиёдаги таълим ташкилотлари педагог ходимларининг малакасини ошириш;
- транспорт-логистика ташкилотларига автомобиль транспортида юкларни етказиб беришнинг самарали йўналишини аниқлаш ва занжирларини шакллантириш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиш;
- автотранспорт воситалари хавфсизлигини таъминлаш, диагностика қилиш ва стандартлаштириш бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб бориш.
Ўқув маркази автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташиш соҳасида малакали кадрлар ва профессионал ҳайдовчилар тайёрловчи нодавлат таълим ташкилоти ҳисобланади.
Ўқув жараёнлари Европа таълим стандартлари асосида ишлаб чиқилган ва Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурларига мувофиқ ташкил этилади.
Ўқишни муваффақиятли якунлаган соҳа менежерлари ва ҳайдовчиларга умумэътироф этилган халқаро сертификатлар (гувоҳномалар) берилади ҳамда улар автомобилда халқаро ташиш соҳасида лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтишда қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2024 йил 4 апрелдаги ПФ-59-сон фармонида назарда тутилган малака имтиҳонини топшириш, «ишчи виза»ни расмийлаштириш, йўл чиптасини харид қилиш ва суғурта мукофотини қоплаш бўйича субсидия ва компенсациялар хорижий транспорт-логистика ташкилотларига ишлаш учун белгиланган тартибда кетаётган халқаро сертификатлар (гувоҳномалар)га эга профессионал ҳайдовчиларга ҳам татбиқ этилади. Бунда ҳайдовчилар «Хорижда иш» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган бўлиши лозим.
Ўқув маркази Тошкент автомобиль ва йўллар техникумининг Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Завқий кўчасидаги бино ва иншоотларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади. Бунда ушбу объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари Ўзбекистон халқаро автомобилда ташувчилар уюшмаси томонидан Тошкент автомобиль ва йўллар техникуми билан келишилган ҳолда амалга оширилади.