Тошкент шаҳрининг Шота Руставели кўчасида аҳолиси кўчирилган 22-сонли турар жой биноси Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги бинонинг бузилиши ҳақида тарқалган янги хабарларга муносабатида маълум қилди.
«Бино Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан ўрин олмаган. Бироқ ҳозирда уни мазкур реестрга киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Ўрганишлар якунига етгач мазкур масала агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши эътиборига кўриб чиқиш учун ҳавола этилади, дея таъкидлади агентлик.
Тошкент шаҳри ҳокимлигининг маълумотларига кўра, «айни пайтда 22-сонли уйни бузиш тўғрисида расмий қарор қабул қилинмаган».
«Тарихий ва маданий қийматга эга объектларга нисбатан ҳар қандай хатти-ҳаракатлар ихтисослашган идоралар томонидан пухта таҳлил қилиниб, келишилганидан сўнггина амалга оширилади», — дея эслатди агентлик.
«Ушбу объект мақоми билан боғлиқ барча ўзгаришлар расман эълон қилинади», — дейилади #МеросниСақлаймиз #Тошкент #МаданийМерос ҳештеглари келтирилган баёнотда.
«Газета.uz» бир йил аввал вазият ҳақида батафсил ёзган эди. 1956 йилда қурилган тўрт қаватли «сталинка» биноси ўрнида янги иншоот қурилиши мумкинлиги ҳақидаги дастлабки хабарлар 2023 йил октябрь ойида пайдо бўлган. Маҳаллий аҳоли аксарият квартирлар аллақачон сотиб олинганини маълум қилган. Бироқ квартираларни сотиб олиш бўйича музокараларни ким олиб боргани номаълум эди.
Шаҳар ва туман ҳокимликлари ўша пайтда бинони бузиш ва янги иншоот барпо этиш ҳақида қарор қабул қилинмаганини, шунингдек, бузиш ва қайта қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тасдиқланмаганини маълум қилган.
Бинонинг биринчи қаватида «ЧайКоф» қаҳвахонаси филиали ва бошқа тижорат объектлари ҳанузгача фаолиятини давом эттирмоқда.
2020 йилда Оққўрғон, Бобур, Навоий ва Шота Руставели кўчалари бўйлаб жойлашган тарихий биноларнинг тўлиқ ансамблларини Ўзбекистоннинг Маданий мероси давлат реестрига киритишни сўраб мамлакат меъморий меросини асраб-авайлаш бўйича ташаббус гуруҳи масъул мутасаддиларга мурожаат қилган. Хатда реестрга киритиш таклиф қилинаётган республика аҳамиятига молик обидалар, тарихий кўчалардаги бинолар ва ансамбллар рўйхати (58 пункт) санаб ўтилган.