Турли сабабларга кўра АҚШ президенти Дональд Трампни ғазаблантирган америкалик расмийлар ва бошқалар у ва унинг тарафдорлари уларга ваъда қилган қасосга ҳозирлик кўрмоқда, деб ёзди журналистлари йигирмадан ортиқ одам билан суҳбатлашган Washington Post.

Нишонга олинишдан қўрқаётганлар орасида сайловлар учун жавобгар бўлган мансабдор шахслар, прокурорлар, ҳозирги ва собиқ амалдорлар, фаоллар, Трампнинг биринчи маъмуриятида ишлаганлар ва Трампнинг ФБР раҳбарлигига номзоди Кэш Пател томонидан тузилган президентнинг тахминан душманлари рўйхатидан ўрин олганлар бор.

Газета суҳбатдошларига кўра, улар жиноий таъқибга, солиқ текширувига, Конгресс ёки штат қонун чиқарувчи органлари томонидан текширилишга, ҳибсга олиш, онлайн тазйиқ ва жисмоний таҳдидларга тайёргарлик кўрмоқда. Ярмидан кўпи адвокат ёллаётганини айтди, бир неча киши тезда мамлакатни тарк этишга тўғри келиб қолиши мумкинлиги учун саёҳат сумкаларини тайёрлаган, бир неча киши эса яқинда сотиб олган қуролларини олиб юрибди.

Ҳали ҳам давлат лавозимларида қолаётганлар эса ҳукуматдан чақирувнома олиш учун ходимларини тайёрламоқда. Ўндан ортиқ одам турмуш ўртоғи ёки фарзандлари билан уларнинг уйига полиция келса, нима қилиш кераклиги ҳақида гаплашган.

Нашрнинг баъзи суҳбатдошлари чат-гуруҳлар очиб, бир-бирларига ҳамдардлик изҳор қилмоқда ва адвокатларнинг алоқа маълумотларини алмашмоқда.

WP’нинг ёзишича, 2020 йилги президентлик сайловларида қатнашган амалдорлар ўзларини энг кўп хавф остида ҳис қилмоқда. Ўшанда Трамп демократ номзод Жо Байденни тан олган, бироқ овоз бериш натижаларини тан олмаган ва асоссиз равишда улар ўғирланганини даъво қилганди.

Сайлов ташкилотчилари миллий ассоциациясининг бош дастур директори Тэмми Патрикнинг сўзларига ко’ра, ҳукуматнинг барча даражаларидаги амалдорлардан тортиб сайлов ускуналарини етказиб берувчиларгача ўзларини Трамп қасос олиши учун потенциал нишон сифатида кўрмоқда.

Сайлов кампанияси бошланганидан бери Трамп тарафдорларига «уларнинг душмани» эканини айтиб, Жо Байден ва собиқ вице-президент Камала Ҳаррис ва уни тергов қилган прокурорларини жиноий жавобгарликка тортишга ваъда бериб келган. Трамп лавозимга киришганидан бери қилган ҳаракатлари унинг қасос олиш ваъдаларини бажариши мумкинлиги ҳақидаги қўрқувни кучайтирди, дея қайд этади WP.

Ўтган душанба куни Адлия вазирлиги Трампни жиноий жавобгарликка тортган ўндан ортиқ прокурорни ишдан бўшатди. Шунингдек, Трамп ўзининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон ва собиқ давлат котиби Майк Помпеони Эрон таҳдидларига қарамай Махфий хизмат ҳимоясидан маҳрум қилди.

Оқ уй қўрқувни асоссиз деб атади. «Президент Трамп бир неча бор қасоси муваффақият бўлишини айтди ва у сўнгги буйруқлари билан ҳукуматни қуроллантиришга чек қўйди», — деди президент матбуот котиби ўринбосари Анна Келли.

Оқ уйни тарк этишдан олдин Байден бир қатор таниқли Трамп танқидчиларини эҳтимолий жиноий таъқиблардан ҳимоя қилиш учун авф этганди. Улар орасида АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасининг собиқ раҳбари, генерал Марк Милли, олим Энтони Фаучи, 6 январь кунги Капитолийга бостириб кирилишини тергов қилган Конгресс қўмитаси аъзолари, шунингдек, Байден оиласи аъзолари бор.

Бироқ рўйхатга Трамп ёки унинг иттифоқчилари томонидан таҳдид ёки таъқибга учраган қуйи даражадаги амалдорлар киритилмаган, деб ёзди WP. Уларнинг аксарияти сиёсий алоқаларга эга эмас, кўплари, шунингдек, афв сўрашга уринмаганини ҳам айтган.