Тошкентда қурилиши якунланаётган Ислом цивилизацияси маркази «нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази»га айланиши керак. Бу ҳақда чоршанба куни марказга ташриф буюрган президент Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.
Мажмуа давлат раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги қарори асосида қурилмоқда. 2018 йилнинг Рамазон ҳайити куни президент унинг пойдеворига тамал тоши қўйганди.
Марказ биноси уч қаватдан иборат бўлиб, қадимий меъморчилик ёдгорликлари услубида яратилган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган.
Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бўлади. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси — қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган муқаддас китоб нусхалари ва уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари қўйилади. Жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ҳам ўрин олади.
«Халқимизнинг бой ва бетакрор меросига оид кўп китоблар, турли ўлкаларга сочилиб кетган қўлёзмалар, ноёб маълумотлар, санъат асарлари, афсуски, бизга номаълум эди. Мана шу марказ сабаб бўлиб тарихни ўрганишда катта қадамлар қўйдик, янги манбалар юзага чиқди. Энди буларнинг таъсири, натижаси қандай бўлади? Уларни фақат ёдгорлик сифатида сақламасдан, фаол илмий истеъмолга киритиш, аҳолимиз, ёшларимизга тушунарли тилда етказиш, жаҳон жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Мажмуада «Исломдан аввалги цивилизациялар», «Биринчи Ренессанс даври», «Иккинчи Ренессанс даври», «Ўзбекистон XX асрда», «Янги Ўзбекистон — янги Ренессанс» каби бўлимлар ташкил этилади.
Мазкур даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилган. Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Али Қушчи каби аллома ва мутафаккирларнинг серқирра фаолияти ҳақида маълумот берилган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби уламоларнинг ислом маърифатига қўшган ҳиссаси атрофлича ёритилган.
Илм-фан ва санъатга ҳомийлик қилган ўтмишнинг етук аёллари — Бибихоним, Хонзодабегим, Гавҳаршодбегим, Гулбадан, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин кабиларга алоҳида бўлим бағишланган.
«Ислом цивилизациясининг, ислом таълимотининг замини — аслида илм-фан, маданият, таълим ва тарбиядир. Биз барпо этаётган марказнинг бош ғояси, асоси ҳам шу. Энг муҳим томони — юртимиздаги ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш бир жойда — мана шу мажмуада мужассам бўлади. Марказ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўриб, ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини англайди», — деди президент.
«Насиб этса, бу мажмуа ўзимизнинг меъморий тажрибамиз, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик мактаби, илмий-маънавий салоҳиятимиз рамзи сифатида тарихга киради. Ҳар бир бўлимнинг мазмун-моҳияти айни шу мақсадга қаратилиши лозим. Чет элдаги машҳур музей ва кутубхоналар, нуфузли мутахассислар билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани, китоблар, мақолалар нашр этилаётгани эътиборга лойиқ. Бу ишлар доимий ва илмий асосга эга бўлиши учун ишни режали ташкил қилиш керак. Бош мақсадимиз — миллий ўзлигимизни англаш ва англатиш», — таъкидлади давлат раҳбари.