1 июндан бошлаб Ўзбекистон давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида юк ташишда электрон навбат тизими ишга туширилиши керак. Бу президентнинг 27 январдаги транспорт-логистика тизимини ривожлантириш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Президент 11 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда электрон навбат тизимини жорий этиш орқали хориждан юк ташиш ҳажмини ошириш, чегарадан ўтиш вақтини 40 дақиқадан 20 дақиқага қисқартириш, автотранспорт воситаларини онлайн назорат қилишни жорий этиш бўйича топшириқлар берган эди.

Қарор билан Ўзбекистон транспорт-логистика тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Ҳужжат автомобиль, темирйўл ва ҳаво транспортида халқаро юк ташишнинг умумий ҳажмини (2024 йилда бу кўрсаткич 59,6 миллион тоннани ташкил этган), транспорт ва логистика хизматлари экспортини камида 2 баробар оширишни назарда тутади.

Барча транспорт турлари бўйича йиллик юк транзити ҳажмини 22 миллион тоннага (2024 йилда — 13,9 миллион тонна), контейнер ташиш улушини камида 1,5 баробар кўпайтириш режалаштирилган.

Транспорт-логистика марказлари тармоғини яратиш ва улардаги юкларни қайта ишлаш қувватини 3 баробар ошириш кўзда тутилган. Айни пайтда мамлакатда умумий қуввати 10,7 миллион тонна бўлган 16 та йирик мултимодаль марказ мавжуд.

Бундан ташқари, Жаҳон банкининг Логистика самарадорлиги индексида (LPI) Ўзбекистоннинг ўрнини камида 55-ўринга кўтариш мақсади белгиланган. 2023 йилда мамлакат 88-ўринни, 2016 йилда 118-ўринни эгаллаган.

Қарорда халқаро юк ташишни ташкил этишда транспорт-экспедиторлик хизматларига ҚҚСнинг ноль ставкаси қўлланиши белгиланди. Натижада, мазкур йиғилишда таъкидланишича, маҳаллий экспедиторлар улушини 2025 йилдаги 15 фоиздан 2026 йилда 45−50 фоизга ошириш мумкин бўлади.

Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи билан биргаликда халқаро автомобиль ташувлари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича Минтақавий ўқув марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Тренинг Европа стандартлари асосида олиб борилади.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйлаб йўл бўйида қўшимча хизмат кўрсатиш объектлари яратилади.