Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги «Газета.uz» сўровига асосан импорт қилинадиган бир қатор дори воситаларига бож жорий этилишига изоҳ берди ва буни «ички бозорни ҳимоя қилиш» билан изоҳлади.

Аввалроқ хабар берганимиздек, президентнинг 28 январдаги фармони билан 3004-позициядаги (ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси бўйича товар коди) товарлар учун товар божхона қийматининг 2 фоизи миқдорида бож жорий этилди (илгари 0 фоиз эди).

Бу ставка бир қатор дори воситаларига, шу жумладан, тайёр шаклдаги антибиотикларга (масалан, амоксициллин, азитромицин, цефтриаксон), оғриқ қолдирувчи ва яллиғланишга қарши дориларга (ибупрофен, парацетамол, диклофенак), вирусга қарши (осельтамивир, ремдесивир) ва бошқа дори воситаларга нисбатан қўлланилади. Жами 1500 га яқин халқаро патентланмаган номдаги дори воситалари божга тортилади.

Фармагентлиги матбуот хизмати 2024 йил якунига кўра маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган дори воситаларининг бозордаги улуши 43 фоизни ташкил этганини маълум қилди.

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида 2030 йилга бориб бозордаги маҳаллий маҳсулотлар улушини 70 фоизга етказиш вазифаси белгиланган.

Агентликнинг таъкидлашича, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда фармацевтика саноатида импорт қилинадиган дори-дармонларга божхона тўловлари қўлланилади (масалан, Россияда — 10 фоизгача, Туркияда — 30 фоизгача, Покистонда — 11 фоизгача).

2025 йил 1 январь ҳолатига 54 та корхона халқаро GMP стандарти талабига жавоб берувчи сертификатларни қўлга киритган. Ушбу корхоналар ишлаб чиқариш қувватларининг 60 фоизидан фойдаланмоқда. «Яъни бозорни бемалол тўлдириш имконияти мавжуд», — дея қайд этди агентлик.

«Шу сабабли тажриба тариқасида фақат 3004 позициясига минимал 2 фоизли божхона тўловларини қўллаш таклифи билдирилган», — дейилади хабарда.

Президент Шавкат Мирзиёев 18 декабрь куни Tashkent Pharma Park фармацевтика кластерида фармацевтика корхоналари раҳбарлари билан учрашув ўтказган эди. У мамлакатдаги дори воситаларининг 80 фоизи хориждан импорт қилинаётганини танқид қилиб, «ушбу 80 фоизни камайтириш» учун ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва экспортни кенгайтириш бўйича таклифларни илгари сурди.

Давлат раҳбари соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида улар учун божхона имтиёзларини 2028 йилгача узайтириш, 100 миллион долларлик капиталга эга Илғор фармацевтика лойиҳалари инвестиция жамғармасини ташкил этиш ҳақида маълум қилди. У импорт улушини камайтириш учун дориларни маҳаллийлаштиришни ҳам муҳокама қилганди.