Ўзбекистонда 2024 йилда 926,4 минг бола туғилди, бу ўтган йилга нисбатан 3,7 фоизга кам. Ўзбекистонда туғилишлар сони 2017 йилдан бери илк бор пасайди. Бу президент ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларида қайд этилган.

Туғилганлар улуши шаҳарларда 49,1 фоиз (454,5 минг чақалоқ), қишлоқ жойларда 50,9 фоизни (471,9 минг) ташкил этган. 2024 йил давомида 479,5 минг (51,8 фоиз) ўғил бола, 446,9 минг (48,2 фоиз) қиз бола туғилди.

никоҳ, статистика, туғилиш даражаси, ўлим

2024 йилда туғилганлар сони таҳлил қилинганда қуйидаги тақсимот қайд этилди: бир бола туғилиши 97,7 фоизни, иккита бола туғилиши 2,2 фоизни, уч ва ундан ортиқ бола туғилиши 0,1 фоизни ташкил этди.

Янги туғилган чақалоқларнинг оталари ёшга қараб қуйидаги нисбатда тақсимланди: 10,7% — 25 ёшгача, 82,5% — 25−39 ёш, 6,8% — 40 ёш ва ундан катта. Янги туғилган чақалоқларнинг 39,3 фоизида оналар ёши 25 ёшгача, 59,5 фоизида 25−39 ёш, 1,2 фоизида 40 ёш ва ундан катта бўлган.

Туғилишнинг энг катта улуши Самарқанд вилоятида (12 фоиз) кузатилди, Фарғона вилоятида — 11,1 фоиз, Қашқадарё вилоятида — 10,9 фоиз, Андижон вилоятида — 9,3 фоиз ва Сурхондарё вилоятида — 9,1 фоиз.

Туғилиш даражаси Сирдарё вилоятида (2,4 фоиз), Навоий вилоятида (2,8 фоиз), Жиззах вилоятида (4,2 фоиз), Қорақалпоғистонда (4,5 фоиз) ва Бухоро вилоятида (5 фоиз) нисбатан паст.

Ўлимлар

2024 йилда вафот этганларнинг умумий сони 174,4 минг кишини ташкил этди (2023 йилга нисбатан 0,9 фоизга кўп), шу жумладан, эркаклар — 96 минг (55,04 фоиз), аёллар — 78,4 минг (44,96 фоиз). Шаҳарларда 98,2 минг киши (56,3 фоиз), қишлоқ жойларда 76,2 минг киши (43,7 фоиз) вафот этди. Ўлимлар сони кетма-кет икиинчи йил кўпайди, лекин 2020 ва 2022 йиллардан пастроқ.

никоҳ, статистика, туғилиш даражаси, ўлим

Ўлимнинг асосий сабаблари: 57,6% — қон айланиш тизими касалликлари, 9,4% — ўсимталар, 6,3% — нафас олиш тизими касалликлари, 5,8% — бахтсиз ҳодисалар, заҳарланиш ва шикастланишлар, 4,1% — овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари, 1,1% — юқумли ва паразитар касалликлар, 15,7% — бошқа касалликлар.

Ўлим ҳолатларининг энг катта улуши Самарқанд вилоятида (10,8 фоиз) юз берди, Фарғона вилоятида — 10,3 фоиз, Андижон вилоятида — 10,2 фоиз, Тошкент шаҳрида — 9,6 фоиз, Тошкент вилоятида — 9,4 фоиз.

Сирдарё (2,6 фоиз), Навоий (2,8 фоиз), Жиззах (3,5 фоиз), Хоразм (5,2 фоиз) ва Бухоро (5,5 фоиз) вилоятларида ўлим улуши нисбатан кам.

Никоҳлар

2024 йилда рўйхатга олинган никоҳлар сони 271,8 мингтани ташкил этди, бу 2023 йилга нисбатан 12 мингтага кам. Бу билан 2022 йилда бошланган никоҳни қайд этишдаги пасайиш тенденцияси давом этди. Эслатиб ўтамиз, пандемия сабабли карантин чекловлари киритилган 2020 йилда ҳам никоҳлар сони 25 мингтага кўп бўлган эди. 2024 йилда, шунингдек, охирги 10 йилдаги энг кам никоҳлар қайд этилди.

Янги оилалар умумий сонининг 50,3 фоизи (136,7 мингтаси) шаҳарларда, 49,7 фоизи (135,1 минг) қишлоқ жойларда ташкил этилган.

Никоҳда аёлларнинг ўртача ёши 22,3 ёш, эркакларнинг ўртача ёши 27,1 ёшни ташкил қилди. Рўйхатга олинган никоҳларнинг энг катта улуши 25 ёшгача бўлган аёлларга тўғри келади — барча никоҳларнинг 81,9 фоизи.

Ажралишлар сони 45,1 мингтани ташкил этди, бу 2023 йилга нисбатан 8,3 фоизга кам, аммо барибир 2021 йилгача бўлган йилликдан сезиларли даражада кўп.

Шаҳарларда 28 мингта (62 фоиз), қишлоқ жойларда 17,1 мингта (38 фоиз) ажралишлар қайд этилган. 2024 йилнинг январь-декабрь ойларида бир болали оилаларда ажралишлар сони 12906 тани, фарзандсиз никоҳларда 21726 тани, икки ва ундан ортиқ фарзандли оилаларда 10 503 тани ташкил этди.

Ажрашган эркакларнинг ўртача ёши 35,4 ёшни, аёлларники 32,1 ёшни ташкил этди. Ажралишларнинг энг катта улуши 35 ёшгача бўлган аёлларга тўғри келади, бу умумий кўрсаткичнинг 64,6 фоизини ташкил қилади.

Ажралишларнинг энг юқори фоизи Тошкент шаҳрида (13,1 фоиз), шунингдек, Фарғона ва Андижон вилоятларида (10,6 фоиз) қайд этилган. Ажралишлар сони Навоийда (2,8 фоиз), Сирдарёда (3,3 фоиз) ва Жиззахда (3,8 фоиз) нисбатан кам.