Сешанба оқшомида Тошкент ҳавоси йил бошидан бери энг ифлосланган даражага етди. Ўзгидрометнинг расмий маълумотларига кўра, соат 18:00 да ҳаводаги майда дисперс PM2,5 заррачаларининг (диаметри 2,5 микрометр ёки 0,0025 миллиметргача) миқдори 1 куб сантиметр учун 254,139 микрограммни ташкил қилган. Бу Ўзбекистон стандарти бўйича рухсат этилган концентрациядан (35 мкг/м3) 7,26 марта кўп, дегани.
Эрталаб соат 9:00 да PM2,5 кўрсаткичи 98,964 мкг/м3 ёки РЭКдан 2,82 марта, бир кун аввал эса 141,225 мкг/м3 ёки РЭКдан 4,035 марта кўпроқ эди.
Майда дисперсли PM10 заррачаларининг (10 микрометргача) миқдори ҳам йил бошидан бери энг юқори кўрсаткичга етди, аммо бу РЭК (500 мкг/м3) доирасида бўлди — 317,437 мкг/м3. Эрталаб бу кўрсаткич 121,736 мкг/м3, душанба куни кечқурун 204,439 мкг/м3 ни ташкил қилди.
Пойтахт аҳолиси ифлосланишни ҳеч бир ускунасиз ҳис қилди — ҳавода сўнгги йилларда таниш бўлиб улгурган куюнди ҳиди пайдо бўлди, лекин шу куни у айниқса ўткир бўлди. Олисдаги кўплаб бинолар туман тушгандек деярли кўринмай қолди.
Бироқ бу туманмиди ёки смог — кўплаб ижтимоий тармоқ блогерлари ва аҳоли орасида бу савол пайдо бўлганига қарамай, бирор давлат органидан жавоб бўлмади.
Ўзбекистонда ўтган йилнинг 1 мартидан, президент қарорига кўра, ҳаводаги майда дисперс заррачалар миқдори бўйича белгиланган меъёрдан ошиб кетиш ҳолатлари аниқланганда аҳолини хабардор қилиш амалиёти жорий этилиши керак эди. Шу билан бирга, соғлиғи ҳаво ифлосланишига жуда сезгир фуқаролар учун профилактика чоралари ҳақида мунтазам маълумот бериш бошланиши белгиланганди. «Газета.uz» ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш бошланганидан хабардор эмас.
Аҳоли ўзини ташвишга солаётган муаммо билан ёлғиз қолдирилмоқда. Ўзини ижтимоий деб эълон қилган давлат ҳокимияти ишга ёки ўқишга кетаётган одамларга деразани очиш хавфсиз ёки йўқ, ниқоб кийиш керак ё шарт эмас ёки ташқарида қанча вақт қолиш мумкинлиги ҳақида хабар беришни шарт деб ҳисобламаяпти.
Бу ривожланган мамлакатларда одатий ҳол. Ўзбекистонга уни амалга оширишга нима тўсқинлик қилмоқда?
Ҳаво ифлосланишида асосий сабаб нима, қайси манбалар ҳавони ифлослантиряпти ўзи? Ўтган йил давомида пойтахтда ҳаво сифатини текширувчи кўплаб датчиклар пайдо бўлди, янги онлайн мониторинг ресурслари ишга туширилди, булар тасвирни янада тўлиқроқ тушунишга ёрдам берди, аммо буёғига нима бўлади? Бу саволлар жавобсиз қолмоқда.
Айни пайтда интернет фаоллари #bizgatozahavokerak («Кўп нарса сўрамаяпмиз» ёзуви билан) акциясини бошлади ва ушбу талабни ижтимоий тармоқларда тарқатишга чорламоқда.