23 январь куни президент ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда қурувчилар кўтарадиган масалалар, жумладан, ер олиш, кредитлар, қурилиш учун рухсатномалар, инфратузилма, объектларни ишга тушириш ва уй-жойларни сотиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Ўтган йили 5 минг хонадонли 150 та кўп қаватли уй айланма маблағ етмагани учун битмай қолган. Бу борада банкларнинг хориждан жалб қилинган маблағдан 310 миллион долларни қурувчиларга айланма учун бериш таклифи маъқулланди.

алишер қодиров

18 минг хонадон газда индивидуал иситиладиган қилиб қурилгани учун фойдаланишга қабул қилинмаган. Мутасаддиларга ишчи гуруҳи тузиб, ҳар бир ҳолатни ўрганиб, масаланинг ечими бўйича Ҳукуматга таклиф киритиш топширилди.

Ҳудудларда лифтларни қабул қилиш 2−3 ойга чўзилаётгани сабабли ҳар бир вилоятда камида 2 тадан бригада ташкил қилиш, 20 нафардан аҳолини лифтларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга ўқитиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда жорий йилда 135 минг хонадонли кўп қаватли уйларни марказлашган ҳолда иситиладиган, овқат пишириш эса электр плитаси орқали бўладиган қилиб қуриш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев марказий ва ички кўчаларни ёритишда электр энергиясининг ортиқча сарфини камайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Депутат, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров янги уйларда ягона иссиқлик манбаи сифатида электр энергиясидан фойдаланишни рағбатлантириш таклифини қўллаб-қувватлади.

«Газ қиммат ресурс, 1 куб газдан 10 га яқин юқори қийматли, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш, хорижга сотиш ва унинг пулига миллионлаб қоракўзларимизга иш ўрни яратиш мумкин. Тиллақатори миллиардлаб куб газни уй иситиш ва овқат пиширишга ишлатиб юборадиган халқни косаси оқармайди», — дейди у.

Унинг фикрича, Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва ундан газ ўрнига фойдаланишни ўрганиш керак.

Йиғилишда Ўзбекистонда реновация дастури доирасида жорий йилда 20 мингта хонадон қурилиши режалаштирилгани ҳам маълум қилинди.

Уй-жой соҳасида яширин иқтисодиётни янада қисқартириш мақсадида янги уй-жой сотиб олган фуқароларга тўланган маблағларнинг бир қисмини кешбэк шаклида қайтариш режалаштирилган. Қурувчиларга қонуний равишда уйларни топширишдан олдин хизмат кўрсатиш компаниялари билан шартномалар тузиш мажбурияти юклатилади.

Кўп квартирали уй-жой қуриш учун ерларни фақат ҚҚС тўловчилар сотиб олиши мумкин.