Ҳукумат қарори билан ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар бермоқда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали.
️Низом ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни ўтказиш тартибини белгилайди.
Биотехник тадбирлар — бу ҳайвонот дунёсига қулай шароит яратиш ва уни муҳофаза қилиш учун амалга ошириладиган махсус тадбирлар.
Бундан ташқари низом биотехник тадбирлар доирасида қуйидагиларни назарда тутади:
- ўтказиш мақсади ва усуллари;
- режасини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тартиби;
- ўтказиладиган ҳудудлар ҳамда уларни ўтказиш бўйича талаблар;
- ўтказиш якунларини мониторинг қилиш ва уларнинг натижалари тўғрисидаги маълумотномани расмийлаштириш;
- молиялаштириш тартиби.
Шунингдек, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирлар белгиланган схемага мувофиқ ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ноябрь ойида фуқаролар сақлаши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати тасдиқланганди. Ў️збекистонда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаганлар 18 млн 750 минг сўмгача жаримага тортилади. Қолаверса, аҳоли пунктларида эгасиз ҳайвонларни туттириш чораларини кўрмаган мансабдорларга 1 млн 875 минг сўмдан 11 млн 250 минг сўмгача жарима қўлланади.
Шунингдек, давлат ва кўчма циркларда (шапито) ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва улардан цирк томошалари учун фойдаланиш тақиқланган.