Шавкат Мирзиёев 23 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда 2025 йилда уй-жой қурилиши ва ипотека кредити соҳасидаги ўзгаришларни эълон қилди, деб хабар берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
Давлат раҳбари йиғилишда ҳамма ҳокимлар ҳам қурилишнинг иқтисодиёт учун, аҳоли фаровонлиги учун қанчалик муҳимлигини тушуниб етмаётганини кўрсатиб ўтди.
Президент 2024 йилда Тошкент, Навоий, Бухоро, Хоразм ва Самарқанд шаҳарларида уй-жойлар қуриш борасидаги ишларни ижобий баҳолади. Лекин «Янги Ўзбекистон» массивларидаги ишларнинг бориши қониқарсиз экани қайд этилди.
Қорақалпоғистон, Жиззах ва Сирдарёда эса инфратузилма ва қурувчилар билан ишлаш ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Хоразмда 98 та, Бухорода 65 та, Жиззахда 19 та, Навоийда 12 та аукционда сотиб олинган ерда қурилиш бошланмаган.
Бундан ташқари, баъзи хонадонлар аҳоли ва инфратузилмадан узоқ, талаб бўлмаган жойда қурилгани учун бир йилдан бери сотилмаяпти.
Давлат раҳбари «Янги Ўзбекистон» массивларини қуриш бўйича мутлақо янги тизим йўлга қўйилишини таъкидлади.
Энди «Янги Ўзбекистон» массивига берилган ер бўйича лойиҳалашни 2 ойдан, қурилишни бошлашни 3 ойдан оширишга йўл қўйилмайди. Бу талаб бузилса, ер қайтариб олиниб, қайта аукционга чиқарилади.
Лойиҳа экспертизасини ўн беш кундан ўтказиб юборган ташкилотларнинг лицензияси тўхтатиб қўйилади.
Қурилишда «эскроу» тизими жорий қилинмоқда. Бу тизим девелоперларга ҳозиргидан пастроқ ставкада маблағ жалб қилиш имконини беради. Муҳими, девелоперларни молиялаштириш уй қуриш билан бирга бошланади ва давом этади.
Бундан ташқари, ушбу тизим доирасида фуқаролар қурилиш бошидан ипотека ва субсидия олиш ҳамда уй битмасдан туриб ҳам бошқа одамга сотиш имконига эга бўлади. Бу билан уй сотиб олувчилар кафолатли ҳимояланади.
«Янги Ўзбекистон» массиви учун берилган ерларнинг 10 фоизи девелоперларга тижорат биноларини қуриши учун ягона лот сифатида савдога чиқарилади.
Бу уйларни пастки қаватида хусусий боғча ташкил қилишга рухсат берилиши, улар мулк солиғидан ҳам озод қилиниши таъкидланди.
Ҳокимларга бу массивларга кўчиб келадиган аҳолининг талабини ҳисобга олиб пастки қаватларда боғча ташкил қилишни бошлаш топширилди.
Президентнинг сўзларига кўра, мамлакатда 2030 йилгача камида 100 та «Янги Ўзбекистон» массивини қуриш режа қилинган.
Янги массивлар учун ерлар камида 70 минг одам яшайдиган туман маркази ёки шаҳар ҳудудига 1−2 километр масофадаги жойдан ажратилади. Бу массивларнинг ҳар бирида 100 минг квадрат метр хонадон қурилади.
Жорий йил «Янги Ўзбекистон» массивлари инфратузилмаси учун 1,2 триллион сўм берилади.
Ҳозир «Янги Ўзбекистон» массиви учун масъул ягона ташкилот бўлмагани учун, ер қаердан ажратилади, инфратузилма қандай бўлади, қаерга дарахт экилади, суғориш ва дренаж тизими қанақа ўтказилади, деган саволларга жавоб йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу боис бу ишларни ташкиллаштириш учун «Ўз уйим» компанияси ташкил қилинади. Ушбу компания «Янги Ўзбекистон» массивларига ер танлаш, лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилишга масъул бўлади.
Мутасаддиларга халқаро экспертларни жалб қилиб, келгуси беш йил учун уй-жой сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди.