Ўзбекистонда 2024 йилда жами 6898 нафар шахс томонидан 5716 та коррупцияга оид жиноят содир этилган. Бу ҳақда Коррупция қарши курашиш агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров маълум қилди.
Унинг қайд этишича, 2023 йилга нисбатан коррупцияга оид жиноятлар «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, Сув хўжалиги, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда банк соҳасида камайган. Бироқ олий таълим, транспорт ҳамда қишлоқ хўжалигида ошган.
Мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳаларида коррупцияга оид жиноятлар салмоғи юқорилигича сақланиб қолмоқда.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимида 2024 йилда 309 та коррупцияга оид жиноятлар ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан боғлиқ ҳолда содир этилган.
Ҳудудлар кесимида коррупцияга оид жиноятлар Тошкент вилоятида,Тошкент шаҳрида ва Самарқанд вилоятида энг кўп содир этилган ва аксинча, Бухоро ҳамда Хоразм вилоятларида коррупциявий жиноятлар кам содир этилган.
Агентликка 2024 йил давомида жами 4176 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тегишли вазирлик ва идораларга, вилоят махаллий ҳокимликларга 55 та сўровнома юборилган, қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 41 та тақдимнома киритилган, 7 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, шундан 1 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, 19 та қабул қилинган қарорлар бекор қилинган, 6 та жиноят иши, 10 та маъмурий иш қўзғатилган ва мавжуд хато-камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Бундан ташқари, агентлик томонидан 327 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, натижаларига кўра 327 та лойиҳанинг 71 фоизида ёки 233 тасида 676 та коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар аниқланган ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилган.