Қозоғистон интернет портали «Sports.kz» мухбири Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мураббийси Тимур Кападзе билан мамлакат футболи ривожидаги муҳим қарорлар, Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити»га ўтиши ва Қозоғистон футболидаги вазиятни яхшилаш бўйича маслаҳатлар ҳақида суҳбатлашди.

Эслатиб ўтамиз, 11 январь куни машҳур футбол журналисти Фабрицио Романо «Ланс» клуби марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити» клубига трансфер қилинганини эълон қилганди. Унга кўра, Ўзбекистонлик футболчи АПЛ жамоасига 40 млн еврога сотилган.

«Газета.uz» Темур Кападзенинг «Sports.kz» мухбирига берган қисқа интервьюси таржимасини тақдим этади.

— Сўнгги пайтларда Ўзбекистон футболи кўпчиликнинг эътиборини ўзига жалб қиляпти, бу ўсишнинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

— Авваламбор, бизнинг мамлакатда футболни жуда яхши кўришади!

— Мамлакатингизда футбол ривожланиши учун асосий муҳим воқеа нима бўлди?

— 2019 йил охирида Ўзбекистон президентининг мамлакат футболини ривожлантириш тўғрисидаги фармони имзоланганди. У билан Ўзбекистонда футболни 2030 йилгача ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш концепцияси тасдиқланганди. Ўйлайманки, айнан шу мамлакатимизда футбол ривожланиши учун энг муҳим воқеа бўлди.

— Мантиқан, Ўзбекистоннинг навбатдаги ютуғи жаҳон чемпионатига чиқиш бўлиши керак. Бу бўйича мамлакат терма жамоаси имкониятларини қандай баҳолайсиз?

— Ҳа, барчамиз ўз терма жамоамизга, унинг жаҳон чемпионатига чиқишига ишонамиз, чунки имкониятлар яхши. Жамоанинг гуруҳдаги ўрни ва умумий салоҳияти гуруҳдаги рақибларини мағлуб этиш ва жаҳон чемпионатига чиқиш учун етарлича катта.

— Ҳозир кўпчилик Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити»га ўтиши ҳақида гапирмоқда. Бу сиз учун кутилмаган воқеа бўлдими?

— Ҳусановнинг «Ман Сити»га ўтиши ҳамма учун кутилмаган воқеа бўлди, чунки у энг яхши мураббийлардан бири бошчилик қиладиган, дунёдаги энг кучли жамоалардан бири ҳисобланади! Очиғини айтганда, биз шундай номдор клуб ва мураббий Ҳусановнинг имкониятларини юқори баҳолаб, уни таклиф қилгани учун футболчимиздан жуда хурсандмиз ва фахрланамиз.

— Қозоғистон терма жамоасининг ўйинларини кузатиб борасизми?

— Албатта, кузатиб борамиз, қайғурамиз ва унга мухлислик қиламиз!

— Ўтган йил мамлакатимиз терма жамоаси учун омадсиз бўлди. Сизнингча, Қозоғистон вазиятни яхшилаш учун ҳозир нима қилиши керак?

— Ростини айтсам, адекват баҳо бериш учун сиз у ерда бўлишингиз ва нима этишмаётганини, нимани ва қандай яхшилаш мумкинлигини ёки кераклигини тушунишингиз лозим. Лекин, умуман олганда, бу ҳақда гапирадиган бўлсак, болалар футболини янада яхшилаш, яна ҳам оммавийлаштириш, шароит яратиш, мураббийлар таълимини яхшилаш керак. Ҳа, бу жуда кўп вақтни олади, лекин бошқа йўл йўқ. Футболни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш керак. Терма жамоада мураббийларга нима керак? Танлов, рақобат ва ҳоказолар мавжуд бўлиши учун кўплаб яхши даражадаги маҳаллий ўйинчилар керак. Шунда терма жамоа кучли бўлади!

— ҚПЛда анча вақт ўйнагансиз, Қозоғистон ва Ўзбекистонда футболга муносабат қандай фарқ қилади?

— Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам футболни яхши кўришларига шубҳам йўқ. Лекин, менимча, бизда футболни ривожлантириш учун кўп ишлар қилинмоқда, биринчи навбатда шарт-шароит яратилмоқда — бу инфратузилма, спорт мактаблари, стадионлар, майдонлар, базалар ва ҳоказо.

— Чет эллик футболчиларга қўйилган лимит бўйича кўплаб саволлар мавжуд, бироқ ҳозир у олиб ташланди, деса ҳам бўлади. Бу масала бўйича сизнинг фикрингиз қандай?

— Менимча, ҳамма нарса меъёрда бўлиши ва Қозоғистон футболини яхшилаш ва ривожлантиришга хизмат қилиши керак.

— Қозоғистон клубларидан таклифлар бўлганми?

— Ҳа, Қозоғистон клубларидан қизиқиш бор эди, лекин мен терма жамоа билан банд эдим.