Тошкент шаҳрида ижтимоий тармоқларга видео олиш мақсадида ўзаро жанжал уюштириб, жамоат тартибини бузган блогер жавобгарликка тортилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов.
Қайд этилишича, ҳолат 11 январь куни соат 12:00 атрофида Hilton меҳмонхонаси олдида содир бўлган. Блогер Жасурбек Шодиев (Жасжан) ва Садаф Саидова ўзаро келишиб, жаҳлдор қиз ва йигит ролида жамоат жойида бир-бирини ҳақорат қилган ва буни видеога олган.
Кейинчалик қиз йигитга қўнғироқ қилиб видеони олиб ташлашни сўраган ва блогер уни Instagram`даги саҳифасидан ўчириб юборган. Улар бу билан «жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатлар»ни амалга оширган.
13 январь кунги жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди мажлисида Шодиев айбига иқрорлигини, қилмишидан пўшаймон экани, қарамоғида бир нафар вояга етмаган фарзанди, ногирон укаси борлигини инобатга олиб, унга нисбатан енгиллик беришни сўраган. Ўз навбатида, Саидова ҳам жамоат тартибини бузганини тан олган, талаба экани, ўзига хулоса чиқарганини билдирган.
Суд Жасурбек Шодиевни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топган ва унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган. Жазо ўталганидан сўнг ундан маъмурий қамоққа олинганларни сақлаш муассасаси фойдасига маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун БҲМнинг 15 фоизи миқдорида маблағ ундириш белгиланган.
Шунингдек, фуқаро Садаф Саидова ҳам юқоридаги модда бўйича айбдор деб топилган ва унга БҲМнинг бир баравари (375 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ блогер ҳожатхона қоғозлари уюми устига чиққан пайтида машина унинг остидан ҳаракатланиб ўтгани акс этган видеони тармоққа жойлаган, бироқ ерга сочилган ҳожатхона қоғозларини воқеа жойида қолдириб кетган. Блогер БҲМнинг 5 баравари миқдорида (1 млн 875 минг сўм) жарима қўлланган.
2022 йилда эса у бошқа бир блогер билан бирга 15 суткага қамалган. Улар одамларни калтаклаб, шилқимлик қилган ва жамоат тартибини бузувчи видеоларни Instagram`га жойлаб борган. Жасурбек Шодиев ундан бир неча ой илгари ҳам майда безорилик билан 15 сутка қамоқ жазосини ўтаб чиққан.