Президент Шавкат Мирзиёев «Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги» халқаро саммитининг очилиш маросимида ҳамда барқарор ривожланиш соҳасида Шайх Зоид номидаги мукофотни топшириш маросимида иштирок этди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тадбирда амирликлар президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим, Нигерия президенти Бола Тинубу, Руанда президенти Пол Кагаме, Сейшел ороллари президенти Уовел Рамкалаван, Уганда президенти Ёвери Мусевени ҳамда бошқа хорижий давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари ҳам қатнашди.

Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги — бу 2008 йилда БАА ҳукумати ва Masdar компанияси томонидан барқарор ривожланиш соҳасидаги глобал муаммоларни ҳал этиш учун ташкил этилган халқаро платформадир.

Форумнинг мақсади жаҳонда барқарор тараққиётни жадаллаштириш, иқтисодий, ижтимоий ва экологик ривожланишга кўмаклашиш, озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини таъминлаш, энергия тежамкорлиги ва карбонсизлантиришни илгари суришдан иборат.

Бу галги саммит кун тартибига «яшил» иқтисодиёт соҳасида барқарор тараққиётни таъминлаш, инновациялар ва янги технологияларни жорий этиш, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари киритилган.

Форум доирасида амирликлар асосчиси — марҳум Шайх Зоид Ол Наҳаён номи билан аталувчи барқарор ривожланиш соҳасидаги ютуқлар учун мукофот билан тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Бу галги мукофотнинг «Глобал ўрта мактаблар» номинациясида, аввалроқ хабар берилганидек, Тошкент шаҳридаги президент мактаби ғолиб деб топилди.