Тошкент шаҳри Олмазор тумани прокуратураси терговчиси пора билан ушланди, дея хабар қилди ЎзА.

Қайд этилишича, савдо-сотиқ соҳасига ихтисослашган масъулияти чекланган жамият мансабдор ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 184 (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) ва 189-моддалари (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан қўзғатилган. Тошкент шаҳрида гул етиштириш фаолияти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятнинг муқаддам прокуратура органларида ишлаган ва судланган юристи Олмазор тумани прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган ушбу жиноят иши доирасида гумонланувчи сифатида жалб қилинган шахсга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлламаслик масаласини мазкур туман-прокуратураси мансабдор шахслари орқали ҳал қилиб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.

У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 20 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, масъулияти чекланган жамият юристининг автомашинасида Олмазор тумани прокуратураси терговчиси ундан ушбу пул маблағини пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланиб, ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилди.

Ҳозирда прокуратура терговчисига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда пора олиш) билан, масъулияти чекланган жамият юристига нисбатан эса Жиноят кодексининг 212-моддаси 3-қисми «б» банди (жуда кўп миқдорда пора олиш ёки бериш вақтида воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари Чортоқ тумани прокурорининг катта ёрдамчиси 2400 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Таъкидланишича, Наманган вилояти Чортоқ тумани прокурорининг катта ёрдамчиси туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси шифокори 5 нафар фуқарога ногиронлик нафақасини белгилашда сохта ҳужжатлар тайёрлаб берганлиги юзасидан тақдим қилинган материалларни ўрганиб чиқиб, унга нисбатан қонуний чора кўрмаслик эвазига 3000 АҚШ доллари талаб қилган.

Аммо у сўралган пул маблағидан 2400 АҚШ долларини олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «в» банди (Хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, яна бир шахс Бухоро вилоятида 20 минг АҚШ доллари билан ушланди. Тезкор тадбирда А.Р. Бухоро тумани Кўчкумар маҳалласи ҳудудида жойлашган МЧЖга ижара ҳуқуқи асосида ажратилган 278 гектар сув ҳавзаларидан иборат объектнинг 4 гектар қисмини 280 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, келгусида мансабдор танишлари орқали алоҳида мулк сифатида ҳужжат расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, келишилган пулдан 20 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.