Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг расмий халқаро захиралари 1 январь ҳолатига кўра 41 млрд 181,6 млн долларни ташкил этди.

«Ўзбекистон Республикаси ялпи халқаро захиралари 2024 йилнинг декабрь ойида 290 млн долларга камайди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 2664,30 доллардан 2610,85 долларгача камайишининг таъсири -656 млн долларни ташкил этди», — дея қайд этган Марказий банк.

Йиллик ҳисобда захиралар қиймати 6,6 млрд долларга ошди (2024 йил 1 январда 34 млрд 564,6 млн доллар эди).

Хорижий валютадаги захиралар декабрь ойида 8 млрд 183,7 млн доллардан 8 млрд 597,7 млн долларгача (+414 млн доллар) кўпайди. Лекин 2024 йил давомида улар 771,8 млн долларга камайган.

Захирадаги олтиннинг соф ҳажми декабрь ойида ўзгаришсиз қолган (12,3 млн трой унция ёки 382,56 тонна), йиллик ҳисобда эса 0,4 млн трой унсияга ёки 12,44 тоннага камайган.

Захирадаги олтиннинг қиймати 2024 йил бошидан буён 7 млрд 404,5 млн долларга кўпайган (йил бошидаги 24 млрд 632,2 млн доллардан йил якунидаги 32 млрд 36,7 млн долларгача).

Лекин декабрь ойида кўрсаткич 32 млрд 741,1 млн доллардан 32 млрд 36,7 млн долларгача камайган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил давомида олтин нархи 2042 доллардан 2609 долларгача кўтарилди. Ўзбекистон Марказий банки ноябрь ойида 9 тонна олтин сотиб олди ва ушбу қимматбаҳо металлни энг кўп харид қилган иккинчи давлат бўлди.