Вазирлар Маҳкамаси «Ислом тараққиёт банки иштирокида «Кичик ва ўрта корхоналарнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Кичик ва ўрта тадбиркорликни молиялаштиришда қўшимча имкониятларни яратиш, таклиф этилаётган молиявий хизмат турларини кенгайтириш, шунингдек, исломий молиялаштириш салоҳиятини ошириш орқали кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

  • Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасида 2024 йил 18 апрелда «Кичик ва ўрта корхоналарнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш» лойиҳасини молиялаштириш учун 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга жами 30 млн АҚШ доллари микдорида ҳадли ва агентлик тўғрисидаги келишувлар имзолангани;
  • Ўзбекистон Республикаси ва ИТБ (Ривожланиш учун ислом бирдамлик жамғармаси номидан) ўртасида 2024 йил 18 апрелда лойиҳани молиялаштириш учун 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга жами 10 миллион доллар микдорида қарз битими имзолангани;
  • лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳиссаси солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этиш кўринишида 0,3 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни ташкил этаётгани;
  • лойиҳани амалга ошириш учун лойиҳаолди баҳолаш ҳужжатлари ИТБ томонидан маъқуллангани маълумот учун қабул қилинди.

Белгиланишича:

  • Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш ҳамда мувофиқлаштириш, шунингдек, ИТБ қарзларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;
  • ИТБ нинг 30 млн доллар миқдоридаги маблағлари лойиҳада иштирок этаётган «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБга ва 7,5 млн доллар миқдоридаги маблағлари «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖга ресурс сифатида тақдим этилади;
  • ИТБ қарз маблағларини қайтариш, шу жумладан, қўшимча ҳақ (устама) ва фоизлар харажатлари иштирок этувчи тижорат банки, компания ҳамда Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади;
  • Лойиҳа 2025−2027 йиллар давомида амалга оширилади;
  • Лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ташкил этилади;
  • Лойиҳани амалга ошириш даврида ЛАОГ фаолиятини молиялаштириш бўйича йиллик харажатлар сметаси ҳамда штатлар жадвали Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

«Spot»нинг тушунтиришича, маблағ ажратиш тўғрисидаги битим ўтган йил апрел ойида имзоланганди. Битим доирасида ИТБ лойиҳани амалга ошириш учун 30 млн доллар, унинг гуруҳига кирувчи Ислом бирдамлиги тараққиёт жамғармаси (ИСДФ) — яна 10 млн доллар ажратади.

Пулнинг асосий қисми — 30 млн доллар муробаҳа тамойили бўйича кичик бизнесни молиялаштиришга йўналтирилади. Савдони ривожлантириш компанияси кредитлар бўйича кафиллик бериш учун 7,5 млн доллар олади.

Яна 1,75 млн доллар бизнес инжиниринг ва салоҳиятни ошириш ташаббусларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Сумманинг қолдиғи лойиҳани бошқариш харажатлари, аудит ва кутилмаган харажатлар учун захирани ўз ичига олади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда лойиҳа доирасида бериладиган қарзни қайта молиялаштириш муддатлари ва шартлари, сублойиҳаларни танлаш ҳамда баҳолаш мезонларини белгилаган ҳолда, ИТБ қарзидан ИТБ тартиб-таомили бўйича фойдаланиш тартибини тасдиқлади.

Иқтисодиёт ва молия вазирига Ўзбекистон номидан ИТБ маблағларини иштирок этувчи тижорат банки ҳамда Компания билан белгиланган тартибда қайта кредитлаш тўғрисидаги битимларни имзолаш, шунингдек, зарур ҳолларда ушбу битимларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати берилди.

Адлия вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси ва ИТБ ўртасида имзоланган ҳадли келишув, агентлик келишуви, карз битими ва лойиҳа кучга кириши учун талаб қилинадиган бошқа битимлар бўйича юридик хулоса беради.